«Алвидо, Махса Амини!» – қизнинг ўлимидан сўнг Эронда нималар бўляпти?
22 ёшли эронлик Махса Аминининг ўлими ортидан пайдо бўлган норозилик амаллари Эроннинг турли ҳудудларида ҳамон давом этмоқда.
Намойишлар тўлқини Махса Амини 16 сентябрда дафн этилган куннинг ўзидаёқ бошланганди. У ўзи туғилиб ўсган Секкез шаҳрида ерга қўйилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларга кўра, жаноза кунида маҳаллий аҳоли эрта тонгдан тўпланишган. Улар хавфсизлик хизмати қизни ими-жимида кўмдириб, намойишларга қаршилик қилиши мумкинлиги хавотиридан жуда барвақт ҳозир бўлишган. Маросимга келган бир қатор хотин-қизлар шу ернинг ўзида норозилик белгиси сифатида бошларидан ҳижобларини ечиб ташлаб «диктаторга ўлим» деб хитоб қилишган. Тармоқларда сиздирилган видеода акция иштирокчилари маҳаллий маъмурият биноси томон кетаётгани кўринади.
Видеолавҳада куч ишлатар тизими намойишчиларга қарата ўт очганини кўриш мумкин. Жароҳатланган ва қўлга олинганлар ҳақида маълумотлар бор.
Шунга қарамай, уч кундан буён ҳар куни Теҳронда, Секкезда ва бошқа минтақаларда эркак-аёл норози кайфиятни билдириш учун кўчага чиқмоқда.
Аслида нима бўлган эди?
22 ёшли Махса Амини Теҳронга қариндошларини кўриш учун Эроннинг Курдистонидан оиласи билан келганди. 13 сентябрь куни метродан чиқаверишида уни ахлоқ полицияси ҳижобни нотўғри кийишда айблаб тўхтатади. Қизнинг ёнида бўлган укаси Киарашга опасини полиция идорасига олиб боришлари ва у ерда «тарбиялаб» кейин қўйиб кейин юборишларини айтишган.
Икки соатдан сўнг Махса шифохонага жўнатилган. Шифокорлар қиз комага тушганини айтишган.
Киарашнинг IranWire нашрига айтишича, у полиция идорасига келганида бино олдида тахминан 60-70 киши бўлган. Улар қўлга олинган бошқа аёллар учун кийим-кечак келтиришган. Бир муддатдан кейин ичкаридан чий-чув эшитилган. Ташқаридагилар нима бўлганини билиш учун бино эшикларини қоқишган. Шунда полиция қўлга олинганлар яқинларини дубинка ва кўзни ачитувчи газ билан ҳайдаган.
Кейин «тез ёрдам» машинаси чақирилган. Ўша куни озод этилган аёллар чиқиб ичкарида кимнидир ўлганини айтишганини Киараш эшитган. Шифохонада эса унга опасида юрак хуружи – инсульт қайд этилгани билдирилган.
Қизнинг қариндошлари расмий хулосани савол остига олишади ва Махсада ҳеч қачон юрак етишмовчилиги кузатилмаганини таъкидлашади. Шифохонада туширилган суратда қизнинг ўнг чаккасида жароҳат изи кўринган. Журналистлар бу жароҳатни Махса йўлда, полиция машинасида олган бўлиши эҳтимолини илгари суришади. Аммо полиция машинаси ичида аслида нима бўлганлигини айта оладиган бирорта гувоҳ топилмади.
Махса Амини 16 сентябрь куни шифохонада оламдан ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter