Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ Олий суди юз минглаб муҳожир тақдирига дахл этувчи қарор қабул қилди

АҚШ Олий суди юз минглаб муҳожир тақдирига дахл этувчи қарор қабул қилди

Фото: AP

АҚШ Олий суди президент Дональд Трамп маъмурияти томонидан мамлакатда қонуний тарзда яшаётган 350 минг ҳаитилик ва 6 минг суриялик гуманитар ҳимоядан зудлик билан маҳрум қилинишига изн берувчи қарорни қабул қилди

Аввалроқ қуйи бўғин судлари президентнинг мигрантларни муваққат ҳимоя мақомидан (Temporary Protected Status, TPS) маҳрум этишга доир фармонини блоклаган эди. Конгресс томонидан 1990 йилда жорий этилган мазкур дастур ватанига қайтиш хатарли бўлган муҳожирларни ҳимоя қилишни кўзда тутади. 

Олий суд қарори иммиграция идораларига катта ваколатлар беради. Бу жиҳатдан ушбу қарор Трампнинг миграция бўйича навбатдаги ғалабаси деб баҳоланмоқда. 

Ҳозирда муваққат ҳимоя мақоми 17 та давлатдан келган қарийб 1,3 миллион кишига татбиқ этилади. Ҳаити аҳолисига бу мақом илк бор 2010 йилда, вайронкор зилзиладан кейин берилган эди. Кейинчалик мамлакатдаги қуролли тўдалар зўравонлиги туфайли бир миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлгач, ушбу ҳимоя муддати бир неча бор узайтирилди. 

Сурияликлар эса бу мақомни фуқаролар уруши сабаб 2012 йилда олишган.

Трамп 2025 йил январда Оқ уйга қайтганидан бери 17 та давлатдан 13 тасини TPS мақомидан маҳрум қилишга уринмоқда. Олий суднинг сўнгги қарори бу саъй-ҳаракатларни давом эттириш учун ҳуқуқий асос яратади.

Бу қарор TPS мақоми ҳозирча сақланиб қолган тўрт давлат – Сальвадор, Ливан, Судан ва Украина вакилларига ҳам дахлдордир, чунки уларнинг ҳимоя чоралари муддати шу йил тугайди. 

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ эндиликда сиёсий бошпана сўраган хорижий фуқароларни қабул қилишни ҳам тўхтатмоқда

Жорий йил бошида Қўшма Штатлар 75 мамлакат фуқаролари учун иммиграцион визалар расмийлаштиришни тўхтатиб қўйган эди.

2025 йил сентябрь ойида Трамп маъмурияти хориж фуқароларига ноиммиграцион визалар, жумладан, B1/B2 сайёҳлик визаларини бериш тартибини қаттиқлаштирди

2025 йил май ойида Оқ уй АҚШда ўқиш учун ариза топширган барча хорижлик талабалар ижтимоий тармоқларда текширувдан ўтишини маълум қилди. Вашингтон мазкур мажбурий текширувга тайёргарлик кўриш учун дунё бўйлаб АҚШ элчихоналарига талаба визаси учун янги суҳбатларни режалаштиришни тўхтатишни буюрган.

Трамп маъмурияти 2025 йил 4 июнь куни Афғонистон, Чад, Конго, Экватор Гвинеяси, Ҳаити, Сомали, Эрон каби 12 давлат фуқароларига АҚШга кириш эшигини ёпган бўлса, орадан икки ҳафта ўтиб, Қўшма Штатларга кириши тақиқланган мамлакатлар рўйхатига яна 36 давлат қўшилди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг