Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ Россияни Молдовада давлат тўнтириши уюштиришда айблади

АҚШ Россияни Молдовада давлат тўнтириши уюштиришда айблади

Фото: AFP

Россия разведкасига алоқадор шахслар Молдовада оммавий намойишлар ўтказиш орқали ҳукуматни ағдариш ва давлат тепасига кремлпараст маъмуриятни келтиришни кўзламоқда. Бу ҳақда CNN АҚШ президенти маъмуриятига таяниб хабар берди.

АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирбига кўра, Россия Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни янада кучайтиришга интилаётган амалдаги Майя Санду ҳукуматини заифлаштиришга зўр бериб уринмоқда. Шу мақсадда сўнгги ҳафталарда пойтахт Кишинёвда россияпараст экани айтиладиган «Шор» партияси томонидан аксилҳукумат намойишлар уюштирилмоқда.

Оқ уй фикрича, Москва Молдовадаги барқарорликни издан чиқариш учун дезинформация, сохта ахборотлардан ҳам фойдаланмоқда. Масалан, Россия мудофаа вазирлиги жорий йил февраль ойида Украина гўёки Днестрбўйига (Молдованинг Кремль етовидаги айирмачи ҳудуди) ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар тарқатди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен февраль ойида хавфсизлик бўйича Мюнхен анжуманида Молдова раҳбари Майя Санду билан учрашиб, Россиянинг беқарорликка қаратилган уринишларидан чуқур хавотир изҳор қилган ва мамлакатнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги қўллаб-қувватланишини билдирган эди. 

Бир муддат аввал Вашингтон Молдовадаги беқарорликни юзага келтиришга алоқадор шахслар ва ташкилотларга нисбатан санкция жорий этган.

Аввал хабар берганимиздек, президент Майя Санду ҳам февраль ойида Россия Молдовада давлат тўнтариши қилиш мақсадида қўпорувчилик ҳаракатларига ҳозирлик кўраётгани ҳақида баёнот берганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг