АҚШ ва Арманистон тинч атом энергетикаси соҳасида келишув тузмоқчи
АҚШ президенти Дональд Трамп Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинянга ўтган йил август ойида имзоланган тинчлик келишувига риоя қилиб келаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Трампнинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидага можаро жуда шафқатсиз бўлган ва у ўз президентлиги давомида тугатган саккизта урушдан бири ҳисобланади.
«Эндиликда эса минтақада тинчлик ва фаровонлик қарор топмоқда», – деб ёзди АҚШ раҳбари.
Унинг маълум қилишича, жорий йил февраль ойида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Озарбайжон ва Арманистонга ташриф буюради. Сафардан мақсад – тинчлик ташаббусларини ривожлантириш ва «Трамп йўли» деб аталган халқаро тинчлик ва фаровонлик концепциясини илгари суришдан иборат.
Дональд Трамп АҚШ Озарбайжон билан стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини, Арманистон билан эса тинчлик мақсадларига қаратилган ядровий дастур соҳасида «ажойиб келишув» имзолашни режалаштираётганини маълум қилди. Шунингдек, у америкалик яримўтказгич ишлаб чиқарувчи компаниялар билан янги битимлар тузиш, шунингдек, бронежилетлар, қайиқлар ва бошқа мудофаа маҳсулотларини Озарбайжонга етказиб бериш бўйича келишувлар ҳақида ҳам гапирди.
«Бу фақат бошланиши. Яна кўплаб лойиҳалар олдинда», – дея хулоса қилди АҚШ президенти.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter