Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШда ўлим жазоси ижро этилди

АҚШда ўлим жазоси ижро этилди

Марселлас Уилямс.

Фото: Missouri Independent

АҚШнинг Миссури штатида 26 йил аввал рўй берган қотилликда айбланган 55 ёшли Марселлас Уилямс қатл этилди. Кеча, 24 сентябр куни қамоқхонада ўлим жазоси инъекция юбориш йўли билан ижро этилди, деб хабар берди CNN.

Ўлим ҳукми 2001 йилда чиқарилган. Уилямс 1998 йилда собиқ журналист, ижтимоий хизмат ходими Фелиция Гейлнинг уйини тунашга кириб, уни ўлдирганликда айбланганди.

Жараён узоқ давом этди, турли сабаблар билан иш қайта-қайта кўрилди. 2015 йилда экспертиза Уилямснинг ДНКси гумон қилинган қотилнинг ДНКси билан мос келмаслигини кўрсатган. Уилямснинг адвокатлари унинг айби фақат икки кишининг гувоҳлигига қурилганидан, ўлим ҳукмини чиқарган 12 кишилик ҳакамлар ҳайъатидагиларнинг 11 нафари оқ танли эканлигидан шикоят қилишган.

Уилямснинг ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги петиция Innocence Project сайтида 720 мингдан ортиқ овоз тўплади. Уилямс ҳеч қачон айбига иқрор бўлмаган, унинг оила аъзолари, округ прокурори ва ҳатто марҳуманинг оила аъзолари ҳам ўлим жазосини ижро этмасликни сўрашган.

2023 йил июнида штатнинг янги губернатори Майк Парсон жараён жуда чўзилиб кетганини важ қилиб, Уилямснинг ишини кўриб чиқаётган комиссияни тарқатиб юборди.

23 сентябрда, ўлим жазоси ижросидан бир кун аввал губернатор Майк Парсон баёнот берди. «Уилямс ўз айбсизлигини исботлаш учун керакли барча суд воситаларидан (жумладан, 15 дан ортиқ эшитувдан) фойдаланиб бўлди. Шу иш бўйича реал фактлардан ҳеч бири мени Уилямснинг айбсизлигига ишонтира олмади, ҳукм ижро этилади», — деди Парсон.

Тўлиқ тафсилотлар ушбу ҳаволада.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг