Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

БМТ Ғазодаги яна бир даҳшатли муаммога эътибор қаратди

БМТ Ғазодаги яна бир даҳшатли муаммога эътибор қаратди

250 кундан буён уруш давом этаётган Ғазо секторида чиқиндиларнинг тоғ-тоғ бўлиб уюлиши муаммоси ҳам юзага келади. БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги ушбу масалага эътибор қаратди.

«9 июнь ҳолатига кўра, Ғазо сектори ва унга яқин аҳоли пунктларида 330 минг тоннадан зиёд чиқинди йиғилган. Бу эса атроф-муҳит тозалиги ва саломатлик учун ҳалокатли оқибатларни келтириб чиқаради. Болалар ҳар куни чиқинди ичида кезиб юрибди», – деб баёнот берди БМТ агентлиги.

Баёнотга чиқинди уюмлари орасида юрган ғазолик болалар сурати ҳам илова қилинган.

Халқаро ташкилот Ғазодаги ҳалокатли вазиятни бартараф этиш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик кўмаги таъминотини тиклашни талаб қилган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Исроил ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён ўтган 251 кун давомида 37232 нафар фаластинлик ҳалок бўлди,  85037 нафари жароҳатланди.

17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябрь ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган.

Таҳлилларга кўра, сўнгги олти ой ичида Ғазо секторида дунёда охирги тўрт йилда кузатилган барча можаролардан кўпроқ болалар ҳалок бўлган. Шунга кўра БМТ бир неча кун аввал Исроилни болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар рўйхатига киритди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг