Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Боку – ўтмиш ва бугуннинг ажиб қоришмаси

Боку – ўтмиш ва бугуннинг ажиб қоришмаси

«Ипак йўли тарихи Чин ва Ҳинд тупроқларидан бошланиб, Ўрта Осиёдан ўтиб, Хазар денгизига қадар келиб, Озарбайжон ерларида давом этган. Бухоро карвонсаройи мана шу йўлдаги қўналғалардан биридир» – Бокудаги машҳур Қиз қалъасига келсангиз «Бухоро карвонсаройи» ҳақида сизга кўп қизиқ гапларни айтиб беришади. Умуман, бу ном сизни бутун Шарқ бўйлаб таъқиб этади, Ислом оламида Бухоро билан боғлиқ жойлар жуда кўп.

Табиийки одамга жуда ёқади бу ҳол.

Бокуга келиб, аэропортдан шаҳар томон йўлга тушаркансиз сиз туяжак илк таассурот – кенг ва равон кўчалар, ажойиб табиат манзараси бўлади. Шаҳарга киргач эса ўтмиш ва бугуннинг ажойиб қоришмаси таъсирига тушасиз. Ишонинг, бундай контраст ҳамма жойда ҳам топилавермайди. Қиз қалъаси - алоҳида олам.

Аммо унга етиб боргунга қадар кўрганларингиз ҳам Бокуни севиб қолишингиз учун етади. Тор кўчалар, ҳавода муаллақ тургандек тасаввур пайдо қиладиган чордоқ, қуюқ дарахтзорлар ортидан кўриниб турган икки юз йиллик хонадонлар, йўлакларга қадар қўйилган курсиларда хотиржам чой ичиб ўтирган одамлар – буларнинг бари ўзгача олам.

Менга айниқса озарбайжон дўстларимиз тор кўчалар мисолида замонавий шаҳарсозликка мос ечим топганлари жуда ёқди. Бокуда тарихий кўчалар кенгайтирилмаган, аксинча, эскилари ёнидан янгилари ҳам қурилган. Энсиз кўчалар эса шунчаки бир ёқлама ҳаракат учун мослаштирилган, натижада парковка масаласи ҳам қисман бўлсада ечилган, пиёдалар учун жой ҳам қолган, кўчалар қулай ҳолатга келтирилган.

Бундай жойда пиёда сайр қилиш шунчаки роҳат.

Дарвоқе, эски бинолар ёнидан янгилари қурилгани ҳақида гапирдим, озгина тушунтириш бериб ўтиш жоиз, Бокуда қандай бино қурилмасин, албатта услубий жиҳатдан ёнидагиларга мос бўлиши шарт экан. Масалан, биз турган меҳмонхона XIX аср охирларида бунёд этилган бинолар билан ёнма-ён жойлашган ва у ҳам ташқи томонлама ўша давр меъморчилигини ёдга солади.

Бу ерда ҳаттоки ўтган аср тимсоли бўлган таксофонлар ҳам сақлаб қолинган.

Кенг ҳиёбонларида эса боболар каптарларга дон сочиб ўтирадилар. Айтингчи, бундай шаҳарни яхши кўрмай бўладими?


Насиб қилса эртага бутун туркий оламни ўзига тортиб турадиган Шуша сари йўлга тушамиз. Xabar.uz ахборот таҳлилий порталида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу сафар ҳақида туркум мақолалар бериб борилиши режалаштирилган.

Зафар ҚОСИМОВ, Боку

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг