Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Cаудия Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал этишни таклиф қилмоқда

Cаудия Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал этишни таклиф қилмоқда

Саудия Арабистони Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал этиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ҳақда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, бош вазир ўринбосари ва мудофаа вазири Муҳаммад бин Салмон 20 сентябрь куни маълум қилди.

Жидда шаҳридаги «Салом» саройида Украина президентининг махсус вакили Рустем Умеровни қабул қилган валиаҳд шаҳзода зиддиятнинг гуманитар оқибатларини енгиллатиш йўлида чора-тадбирлар кўрилаётганини қайд этган.

Р.Умеров Икки муқаддас масжид ходими, подшоҳ Салмон бин Абдулазизга Украина президенти Владимир Зеленскийнинг саломини етказган.

Саудия уруш бошлаганидан буён Украинага гуманитар кўмак кўрсатиб келмоқда. Масалан, жорий йил апрелда подшоҳ Салмон бин Абдулазиз украиналик қочқинларга бошпана топишда кўмаклашиш ва тезкор тиббий ёрдам учун 10 миллион доллар ажратган эди.

Украина президентининг махсус вакили Р.Умеров кўрсатилаётган гуманитар кўмак учун миннатдорлик билдирган.

Қайд этиш жоизки, айни пайтда Украина парламенти депутати ва Давлат мулки жамғармаси раиси лавозимида фаолият юритиб келаётган, қрим татар миллатига мансуб Р.Умеров 1982 йилда Ўзбекистонда, Самарқанд вилоятида туғилган.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон жорий йил март ойида Россия президенти Владимир Путин билан мулоқотда Москва ва Киев ўртасида воситачилик таклиф қилган эди.

Аввал хабар берганимиздек, подшоҳлик ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳан ҳам Украина инқирозини сиёсий йўл билан ечишда кўмакка шайлигини билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг