Дубай уруш туфайли ҳар дақиқада 1 миллион доллар йўқотмоқда
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳамда Теҳроннинг қўшни мамлакатлар, жумладан, БААга жавоб зарбалари оқибатида минтақадаги энг йирик Дубай аэропорти ёпилган эди.
NDTV World нашрига кўра, Эрон ҳужуми туфайли Дубай ҳар дақиқада 1 миллион долларни бой бермоқда. Бу рақам Emirates авиакомпаниясининг кунлик йўловчи ва юк ташиши, меҳмонхона, такси ва савдо-сотиқ хизматларидан тушадиган даромадни ўз ичига олади.
Дубай аэропорти 2023 йилда 87 миллион, 2025 йилнинг биринчи чорагида 23,4 миллион йўловчига хизмат кўрсатган. Бу эса халқаро ҳаво қўналғаси кунига 270 минг нафарга қадар сайёҳга хизмат кўрсатишини англатади. 2026 йилнинг 3 январь куни аэропорт рекорд даражада – 324 минг йўловчига хизмат кўрсатган.
Ҳарбий ҳаракатлардан энг кўп Emirates авиакомпанияси зарар кўрмоқда. Таҳлилларга қараганда, ширкат кунига 100 миллион доллар миқдорида даромад кўрган. Узлуксиз, кечаю кундуз хизмат кўрсатган авиакомпания фаолияти қўққисдан тўхтаб қолиши ортидан катта молиявий зарар билан билан бирга мижозлар ишончи ва обрў-эътибор ҳам бой берилмоқда.
Қулай жуғрофий ҳудудда, Европа, Осиё ва Африка ўртасида жойлашган Дубай аэропорти дунёнинг юздан зиёд мамлакатини боғлаб келган.
Маълумот ўрнида: ракета ва дрон зарбалари ортидан 28 февралдан Дубай аэропорти оммавий равишда рейсларни бекор қилди. Аэропорт биноси зарбалардан зиён ҳам кўрди.
Bloomberg агентлигига кўра, молиявий зарар фонида БАА ҳамда Қатар Қўшма Штатлардан Эронга ҳужумни тўхтатишни сўраган.
Аввал хабар берганимиздек, Яқин Шарқдаги ҳарбий кескинлик ортидан бадавлат шахслар ва юқори мартабали раҳбарлар минтақани тарк этиш учун хусусий самолётларга юз минглаб доллар сарфламоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter