Эрон Баҳрайндаги Исроил элчихонасини нишонга олди
Яқин Шарқдаги можаро фонида Эрон бир қатор давлатлардаги объектларга дрон ва ракета ҳужумларини амалга оширмоқда.
Эроннинг Fars агентлигининг хабар беришича, тунда Манама шаҳридаги Financial Harbour Towers мажмуасига зарба берилган. Бу бинолардан бирида Исроил элчихонаси жойлашган.
Хабарларга кўра, ҳужумда учирилган дронлардан бири бинолар яқинида йўқ қилинган.
Шу билан бирга, Саудия Арабистони мудофаа вазирлиги мамлакатнинг Ал-Харж вилояти шарқида учирилган қанотли ракетани ҳаво мудофаа тизимлари йўқ қилганини маълум қилди. Кейинроқ эса Ар-Риёд атрофида яна учта дрон йўқ қилингани айтилди.
Қатар мудофаа вазирлиги ҳам Ал-Удайд ҳарбий базасига йўналтирилган дрон ҳужуми ҳаво мудофаа тизимлари томонидан бартараф этилганини билдирди. Бу база АҚШ ҳарбий объектлари жойлашган муҳим нуқталардан бири ҳисобланади.
Хавф кучайгани сабаб Доҳада аҳолига уйда қолиш ва ойна ҳамда очиқ жойлардан узоқ туриш бўйича огоҳлантириш берилган. Шаҳарда бир неча портлаш овозлари эшитилган.
Яқин Шарқдаги уруш АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган ҳарбий амалиётларидан кейин кенгайиб бормоқда. Ҳозирга келиб можаро Туркия ва Озарбайжонни ҳам ўз таъсир доирасига торта бошлаган.
Яқин Шарқдаги кескинлик фонида Европа Иттифоқи раҳбарлари Форс кўрфази давлатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Брюсселда ўтган учрашувда ЕИ ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас ва бошқа европалик етакчилар Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши вакиллари билан музокара ўтказиб, Эроннинг ҳужумларини қоралади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter