Эрон Саудия Арабистонидаги АҚШга тегишли яна бир радарни йўқ қилди
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳужумчи дронлар ёрдамида Саудия Арабистонидаги Ал-Қайсум аэропорти яқинида жойлашган AN/FPS-117 замонавий радар тизимини йўқ қилганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, қиймати тахминан 20 миллион доллар бўлган ушбу радар 460 км масофадаги ҳаво объектларини аниқлаш имкониятига эга бўлган.
Хабарларда айтилишича, 28 февралдан бошланган уруш доирасида Эрон кучлари Қатарда жойлашган AN/FPS-132 радарини, Иордания ва БААдаги AN/TPY-2 тизимларини ва бошқа бир қатор радар объектларини йўқ қилган. Умумий зарар 2,7 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Бу ҳаракатлар АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳаво ҳимояси ва вазиятни кузатиш имкониятларини чеклашга қаратилгани таъкидланмоқда.
Ер усти радарлари йўқ қилиниши ортидан АҚШ Яқин Шарқ осмонида доимий кузатувни йўлга қўйган: ҳавода E-3 Sentry (AWACS) самолётларини кўпайтирган.
Бу самолётлар энг катта ҳаво радарлари билан жиҳозланган бўлиб, дрон ва ракета ҳужумларини аниқлашда муҳим роль ўйнайди.
Шунингдек, АҚШ Жанубий Корея ва бошқа ҳудудлардаги ҳаво ҳимоя тизимларини Яқин Шарққа кўчиришни бошлаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter