Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Евроиттифоқ Исроил босиб олган ҳудудлардан импортни чекламоқчи

Евроиттифоқ Исроил босиб олган ҳудудлардан импортни чекламоқчи

Европа Иттифоқи Исроилнинг босиб олинган ҳудудларда қурилган яҳудий посёлкаларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импортини чеклаш бўйича янги чораларни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Euronews дипломатик манбаларига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, Европа комиссияси маҳсулотлар импортини тўлиқ ёки қисман тақиқлаш, шунингдек, савдони янада чеклашга қаратилган бир нечта вариантларни тайёрлаган.

Таклифлардан бирига кўра, яҳудий посёлкаларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилувчи компаниялар махсус савдо лицензиясини олиши шарт бўлади. Бироқ Европа комиссияси ушбу механизмни четлаб ўтиш имкониятлари мавжудлигини ҳам тан олган.

Яна бир вариант сифатида посёлкалардан келтириладиган маҳсулотларга божхона тарифларини ошириш таклиф қилинмоқда. Экспертлар фикрича, бу усул ҳам амалда тўлиқ самара бермаслиги мумкин.

Кутилишича, жума куни Брюсселда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчилари ушбу таклифларни ёпиқ йиғилишда муҳокама қилади. Кейин эса душанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари мазкур масала юзасидан якуний муҳокамаларни давом эттиради.

Euronews суҳбатлашган европалик дипломатлардан бирига кўра, Европа комиссияси ҳозирча кескин қарор қабул қилишга шошилмаяпти, чунки Иттифоқ доирасида бу масала бўйича ягона позиция шаклланмаган.

Таъкидланишича, мазкур ташаббусга Франция ва Швециянинг апрел ойидаги чақириқлари туртки бўлди. Улар БМТ Халқаро судининг 2024 йилги маслаҳат хулосасига таяниб, Исроил посёлкалари халқаро ҳуқуққа зид эканини эътироф этган ҳолда Европа Иттифоқини қўшимча чекловлар жорий этишга чақирган эди.

Эслатиб ўтиш жоиз, май ойида Европа Иттифоқи зўравонликларда иштирок этган деб ҳисобланган айрим исроиллик посёлка аҳолисига нисбатан санкциялар жорий этган. Уларга Европа ҳудудига кириш тақиқланган ва активлари музлатилган.

Исроил ташқи ишлар вазирлиги эса Европа Иттифоқининг бу чораларини танқид қилиб, посёлкалар аҳолиси сиёсий қарашлари учун жазоланаётганини билдирган ҳамда уларнинг фаолияти қонуний эканини таъкидлаган.

Ҳозирги кунда Ғарбий Соҳилда 500 мингга яқин яҳудий кўчманчи истиқомат қилади ва уларнинг сони йил сайин ошиб бормоқда. БМТга аъзо давлатларнинг аксарияти мазкур ҳудудни Исроил томонидан оккупация қилинган ҳудуд сифатида тан олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг