Гренландия масаласи Давосдаги форум кун тартибига соя соладиган кўринади
Кеча, 19 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида 56-Бутунжаҳон иқтисодий форуми ўз ишини бошлади. Анъанавий равишда глобал иқтисодий муаммолар муҳокама қилинадиган ушбу майдон бу йил геосиёсий тортишувлар марказига айланди.
Форумда дунёнинг 130 давлатида 3 мингга яқин иштирокчи — давлат раҳбарлари, йирик корпорациялар етакчилари, иқтисодчилар ва олимлар қатнашмоқда. Бу йилги анжуманнинг эътибор марказида АҚШ президенти Дональд Трамп турибди. У бир неча йиллик танаффусдан сўнг Давосга шахсан ташриф буюриб, энг йирик америкалик делегацияга бошчилик қилмоқда.
Форум арафасида Трампнинг Гренландия бўйича режалари ва ушбу масала юзасидан Европа иттифоқи давлатларига нисбатан савдо босимини кучайтиргани европалик сиёсатчиларда жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Бу ҳолат АҚШ ва Европа ўртасидаги муносабатларни янада кескинлаштириб юборди.
Европа иттифоқида, ўз навбатида, эҳтимолий жавоб чоралари муҳокама қилинмоқда. Айрим манбаларга кўра, Брюссель қиймати тахминан 93 миллиард еврога тенг бўлган қарши тарифларни жорий этиш вариантларини кўриб чиқмоқда. Агар бу қарор амалга ошса, сўнгги йиллардаги энг йирик савдо тўқнашувларидан бири юзага келиши мумкин.
Одатда глобал иқтисодий ўсиш, барқарор тараққиёт ва молиявий хатарлар форумнинг асосий мавзуси бўлиб келган. Бироқ бу йил иқтисодий масалалар иккинчи даражага сурилиб, асосий муҳокамалар АҚШ ва Европа ўртасидаги геосиёсий зиддиятлар, хусусан, Гренландия атрофидаги баҳсга қаратилди.
Шу билан бирга, форум кун тартибида Украина ва Яқин Шарқдаги давом этаётган можаролар, уларнинг жаҳон хавфсизлигига таъсири ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Алоҳида сессияларда сунъий интеллектнинг глобал иқтисодиёт ва хавфсизликка таъсири, шунингдек, дунёда иқтисодий тенгсизликнинг чуқурлашиб бораётгани каби масалалар ҳам муҳокама қилинмоқда.
Форум ташкилотчиларининг таъкидлашича, Давос анжумани эндиликда фақат иқтисодий мулоқот майдони эмас, балки глобал сиёсий қарорлар шаклланадиган муҳим халқаро платформага айланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter