Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ишонган тоғда кийик ётмас» – дунёдаги энг ёш ҳукумат раҳбари порахўрликда айбланмоқда

«Ишонган тоғда кийик ётмас» – дунёдаги энг ёш ҳукумат раҳбари порахўрликда айбланмоқда

Фото: DPA

Австрия канцлери Себастьян Курцга нисбатан порахўрлик ва мансабни суиистеъмол қилиш айблари билан жиноий иш очилди. Мамлакат прокуратураси, шунингдек, ҳукумат раҳбари ҳамда унинг яқин аъёнларини ғазна маблағи эвазига газета таҳририятини ўзига оғдиришда айбламоқда. 

С.Курцнинг Венадаги офисида ҳамда Австрия халқ партияси (OeVP) штабида тинтув ўтказилган.

Прокуратура баёнотига қараганда, 2016-2018 йилларда бюджет маблағи Курц партияси манфаатларига хизмат қилувчи сохта ижтимоий сўровлар ўтказишга йўналтирилган. Бундан ташқари, Австрия ҳукумати раҳбари номи ҳозирча ошкор этилмаётган газетага пул ўтказган, нашр эса бунинг эвазига С.Курц ва унинг партияси ҳақида ижобий мазмундаги материаллар чоп этган. Прокуратура газета номини очиқламаган бўлса-да, Австрия матбуоти бу ўринда гап «Osterreich» нашри ҳақида кетаётганини тахмин қилмоқда.

С.Курцнинг ўзи барча айбловларни рад этган. «Ушбу айбловлар ёлғон бўлиб чиқишига ишончим комил», – дейилади канцлер номидан тарқатилган баёнотда. Ҳукумат раҳбари мансуб Австрия халқ партияси ҳам терговни прокуратура тизимидаги сўл кучлар уюштирганини даъво қилган.

Австрия президенти Александр Ван дер Беллен эса бу жиддий ҳодиса эканини таъкидлаб, сиёсатчиларни суд ва прокуратура идораларининг мустақиллигини ҳурмат қилишга чақирган.

Йирик сиёсий можаро туфайли мухолиф партиялар С.Курцни истеъфо беришга чорлади. Хусусан, асосий мухолиф ҳаракат – социал демократлар Курц бошчилик қилаётган Австрия халқ партияси яқин фурсатда қартадан тикланган уй каби ер билан битта бўлишини башорат қилди.  

Қайд этиш жоизки, Себастьян Курц ва унинг партиясига нисбатан 2019 йилда ҳам жиддий айблов илгари сурилган эди. Ўшанда Курц ҳукумати вазирларидан бирининг Ибица оролида Россия газ ширкати раҳбарининг жияни экани айтилган аёл билан учрашуви видеоси тарқалганди. Россия ширкатига қурилиш бўйича давлат буюртмасини тақдим этиш эвазига иқтидордаги партия ҳисобига катта миқдорда пул тушириш талаби қўйилгани ўртага чиққанди. Пировардида парламентнинг ишончсизлик вотуми ортидан Курц 2019 йили истеъфога чиқишга мажбур бўлганди. Аммо навбатдаги сайловда яна ғалаба қозониб, 2020 йил январь ойида қайтадан ҳукумат раҳбари курсисини эгаллади.

35 ёшли Себастьян Курц дунёдаги энг ёш ҳукумат раҳбари саналади. Сиёсий харизмаси билан эътибор қозонган йигит 27 ёшида Австрия ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган. 2017 йилда эса мамлакат тарихида энг ёш канцлер сифатида иш бошлаган.

Матбуот нашрларига кўра, С.Курц камтарона ҳаётни афзал кўради, ҳалигача ижарада яшаётган арбоб ҳатто давлат пулини тежаш учун самолётнинг «экономкласс»ида парвоз қилади.

Коррупция билан боғлиқ айбловлар эса ёш канцлернинг обрўсига соя солиши, ҳатто сиёсий карьерасига хотима ясаши ҳеч гап эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг