Испания яқин муддатда Фаластин давлатини расман тан олиши мумкин
Испания яқин муддатда Фаластин давлатини расман тан олиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Педро Санчес маълум қилган.
«Халқаро ҳамжамият ва Европа Иттифоқи Фаластин давлатини тан олиши вақти келди. Бу жуда муҳим масала. Бу одимни ЕИ билан биргаликда отишимиз керак. ЕИ Фаластин давлатини тан олмаган тақдирда ҳам Испания мустақил ҳолда шундай қарор қабул қилади», – деган Испания етакчиси.
Ҳозирга қадар Болгария, Кипр, Чехия, Венгрия, Мальта, Польша, Руминия, Словакия, Швеция каби ЕИ мамлакатлари Фаластин давлатини тан олган. Иттифоқда кучли овозга эга Испаниянинг шундай қарор қабул қилиши катта акс садо бериши айтилмоқда.
Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазо секторида уруш олиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар 2,3 миллион аҳоли қамалда қолгани, ҳарбий амалиётда минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётгани ҳақида бонг урмоқда.
Испания Исроилнинг Ғазода тинч аҳоли ўлимига олиб келган хатти-ҳаракатларини очиқ танқид қилган кам сонли Европа давлатларидан бўлиб қолмоқда.
Испан ҳукумати раҳбари П.Санчес 25 ноябрь куни Мисрни Ғазо билан боғловчи Рафаҳ чегара пунктига ташриф буюриб, фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилаётганини қоралади ва доимий оташкесимга чақирди.
«Бегуноҳ аҳоли вакиллари, жумладан, минглаб ўғил-қизларнинг ўлдирилишини мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Зўравонлик янада кучли зўравонликка йўл очади», – деган Педро Санчес.
Испания етакчиси Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашувда ҳам яҳудий давлати ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экани, аммо Ғазо секторидаги гуманитар фалокатни зудлик билан тўхтатиш муҳимлигини ҳам уқтирган.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги ушбу баёнотлар ортидан Испанияни терроризмни қўллаб-қувватлашда айблаган. Ўз навбатида, Испания ташқи ишлар вазири бу айбловни ёлғон ва асоссиз деб баҳолаган ҳамда Исроилнинг Мадриддаги элчисига норозилик нотаси топширган.
Сўнгги хабарларга кўра, Испаниянинг Барселона шаҳри маъмурияти Исроил билан алоқаларни узган. Барселона ҳокимияти БМТ резолюцияларига мувофиқ, Фаластин халқининг давлатчилик ҳуқуқи таъминланиши, Исроил оккупациясига чек қўйиш лозимлигини талаб қилган.
Расмий Мадрид халқаро ҳамжамиятни Ғазо, Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусни ўз ичига олган Фаластин давлатини таъсис этиш йўлида ҳаракат қилишга ундамоқда.
Аввалроқ Испания ижтимоий сиёсат вазири Ионе Беларра Исроилни Ғазода қатлиом уюштиришда айблаб, яҳудий давлатига қарши молиявий санкциялар киритишни таклиф қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter