Исроил БМТга 24 соат вақт берди: Ғазо йўқ қилинадими?
БМТ вакиллари Исроил армиясидан 24 соат ичида қамалдаги Ғазо секторидан 1,1 миллионга яқин одамни эвакуация қилиш зарурлиги ҳақида маълумот олди.
CNN телеканалининг 13 октябр куни хабар беришича, Исроил армияси вакиллари Ғазо секторида ишлаётган БМТ ходимларига Ғазо шимолидаги ҳудуддан тинч аҳолини зудлик билан эвакуация қилиш зарурлигини билдирган. Бу вазифани бажариш учун уларга 24 соат вақт берилди, деди БМТ Бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик.
Исроил армиясидан хабар БМТ вакиллари томонидан пайшанба куни маҳаллий вақт билан ярим тунда қабул қилинди. Ташкилот Исроил томонидан ажратилган вақт Ғазо сектори шимолидаги бутун аҳолини жанубий қисмига кўчириш учун етарли бўлмаслигини айтган.
«Бу тахминан 1,1 миллион кишига тааллуқлидир. Худди шу нарса БМТнинг барча ходимлари ва мактаблар, соғлиқни сақлаш марказлари ва шифохоналар каби БМТ назоратидаги муассасаларда жойлашган ҳар бир кишига тегишли. БМТ ҳалокатли гуманитар оқибатларсиз бундай катта аҳолини кўчиришнинг иложи йўқ деб ҳисоблайди», дейилади БМТ баёнотида.
Ташкилотнинг таъкидлашича, Исроил томонидан юзага келтирилган ўта оғир шароитлар туфайли Ғазо секторидаги аллақачон «фожиали» вазият ҳақиқий инсонпарварлик фалокатига айланиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter