Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жанжал чиқариб, полициячини тишлаган: Лондонда Назарбоевнинг невараси судга берилди

Жанжал чиқариб, полициячини тишлаган: Лондонда Назарбоевнинг невараси судга берилди

Ойсултон Назарбоев буваси — Нурсултон Назарбоев билан.

Фото: «Nur.kz»

Кеча, 4 июль куни Қироллик суди Лондондаги Сазарк туманида Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг невараси — 28 ёшли Ойсултон Назарбоев ишини кўришни бошлади. У гиёҳванд моддалар таъсири остида жанжал кўтариб, полициячига қўл кўтарганликда айбланяпти, дейилади «EurAsia Daily» хабарида.

Дастлабки эшитувлар матбуот учун очиқ тартибда ўтяпти. Ҳозирча ҳибсда тутиб турилган Ойсултон Назарбоев полициячига қилинган ҳужум тўғрисидаги айбловни рад этмоқда. Суд мажлиси давомида у чурқ этмаган, тўғриси, томонлар унга савол беришмаган.

Айбловчи Грегор Маккинлининг сўзлашича, Ойсултон Назарбоев 3 июль куни Лондон марказидаги меҳмонхоналардан бирида тўполон кўтарган, балконга чиқиб, ўзини ташлаб юбориш билан қўрқитиб, қичқира бошлаган. 5 июль куни худди шу ҳолат Лондон марказидаги бошқа бир ерда — хонадонда содир этилган. Оқибатда қўшнилар полицияни чақиришган. Маккинли Ойсултон Назарбоев ўзини анчайин тажовузкор тутгани, ўзини ўлдириш билан таҳдид қилгани, констебль (полициячи) Росс Самбрукка ташланиб, куч ишлатгани, унинг қўлини тишлаб олганини айтган. Полиция ходими жавоб тариқасида электрошокер қўллаган. Шу тариқа, Ойсултон Назарбоев инсонга ва мулкка зарар етказганликда айбланяпти.

Маккинли, шунингдек, полицияга «қозоқ ҳукумати вакиллари»дан қўнғироқ келиб тушгани ҳақида айтмоқда. Унинг гумонича, «вакиллар» воқеани ёпди-ёпди қилиб, Назарбоевлар оиласини шармандагарчиликдан қутқаришга уринишган, бироқ полициячилар «алоқа ўрнатиш»га унашмаган.

Давлат айбловчисининг айтишича, Ойсултон Назарбоев кокаин истеъмол қилган, тажовузкорлиги шундан. Ҳозирда унинг паспорти олиб қўйилган. Грегори Маккинли суд эътиборини олий насабли оила нима қилиб бўлса ҳам Ойсултон Назарбоевга дипломатик паспорт олиб бериб, Буюк Британиядан чиқариб кетишга ва жавобгарликдан қутқариб қолишга уриниши мумкнлигидан огоҳлантирди ва бунга йўл қўймасликни сўради.

Худди шу воқеани «Zakon.kz» портали бошқача талқин қилмоқда. Унда номлари ошкор қилинмаган дўстлари Ойсултон Назарбоев ҳеч қандай жанжал қилмагани ҳақида айтишади. Шунчаки таниш қизининг эшиги бехосдан қулфланиб қолади, у Ойсултондан ичкарига деразадан кириб очиб беришни сўрайди. Буни кўрган қўшнилар полицияни чақиришган, қайтанга полиция ходими «осиёча ташқи қиёфа» эгаларига қўполлик қилган, дейилади.

Ойсултон Назарбоевнинг адвокати Алисдэйр Уильямсоннинг уқтиришича, унинг мижози британ қонунларини ўта ҳурмат қилади, қочиб кетиши, яшириниши мумкин деган сўзлар унинг учун ҳақоратдир. Шу боисдан ҳам адвокат суддан Ойсултон Назарбоевни 90 минг фунт гаров пули эвазига озодликка чиқаришни ва шу пайтгача яшаб турган хонадонига қайтишга рухсат беришини сўраган. Шу билан бирга у ҳар куни полицияга келиб ҳисоб бериб туриш ва кечаси уйда тунаш мажбуриятини олишини билдирган. Бир эътиборли жиҳат, адвокат Ойсултон Назарбоевнинг гиёҳвандлигига иқрор бўлди ва ҳозир унинг учун мос келувчи клиника қидирилаётганини маълум қилди.

Якунда судья Филипп Барбел Назарбоевни гаров эвазига қўйиб юборишга розилигини билдирди, фақат у даволаниш учун дарҳол шифохонага, яхшиси, вақтида мусиқачилар Эмми Уайнхаус ва Робби Уильямс, футболчи Жорж Бест ва актёр Жонни Депп даволанган машҳур Priory шифохонасига ётқизилиши шарт.

Маълумот учун: Ойсултон Назарбоев — Қозоғистон собиқ президентининг катта қизи Дариға Назарбоева ҳамда Роҳат Алиев (марҳум)нинг ўғли. Ойсултон Назарбоев Сандхерстдаги Қироллик академиясини битирган. 2013 йили «КазРосГаз» АЖ раҳбари Қайрат Боронбаевнинг қизи — Алима билан турмуш қурган. Уларнинг бир қизи бор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг