Жеффри Эпштейн: пул, ҳокимият ва иркит сирлар
Жеффри Эпштейн – расман молиячи, амалда эса ХХ–ХХI асрнинг энг даҳшатли шахсларидан бири. Унинг номи болаларга қарши жиноятлар, элита учун яратилган яширин «қуллик тизими», сиёсатчилар, миллиардерлар ва қироллик оилаларига боғлиқ шубҳали алоқалар билан тарихга муҳрланди. Эпштейн – пул орқали қонунни, ахлоқни ва одамлар тақдирини сотиб олиш мумкинлигини амалда исботлаб берган иблис эди.
Олис болаликдан элитагача
Жеффри Эдвард Эпштейн 1953 йил 20 январда АҚШнинг Бруклин шаҳрида туғилган. Оиласи яҳудий, оддий ўрта табақага мансуб эди. Отаси – боғбон, онаси – мактаб ходимаси бўлиб ишларди. Бу оиланинг ҳеч қандай бойлик, нуфуз ёки сиёсий таянчи йўқ эди.
Жеффри ёшлигиданоқ ёлғонга моҳир, манипуляцияга мойил, одамларни психология орқали эрмак қилишни яхши кўрган бола бўлган. Қизиғи шундаки, Эпштейн ҳеч қачон тўлиқ олий маълумот олмаган. Университетни тугатмаган ҳолда ҳам ўзини «иқтидорли математик» ва «молиявий даҳо» сифатида кўрсата олган.
Шубҳали сабаблар ва миллионлар сари
1970-йилларда Эпштейн хусусий мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади. Аммо бу даргоҳдан шубҳали сабаблар билан ҳайдалди. Расмий фаразлар турлича, лекин ўша пайтдаёқ унинг ёш қизларга нисбатан носоғлом қизиқишлари ҳақида гап-сўзлар юра бошлаган.
Жеффри Эпштейн ҳеч қачон расман олий маълумот олмаган бўлса-да, ўзини жамиятга ноёб ақл эгаси, молиявий стратег ва сармоя дунёсида сирли истеъдод соҳиби сифатида тақдим эта олганди. У бу тимсолни йиллар давомида пухта қурди – секин, ҳисоб-китоб билан ва одамлар психологиясини чуқур ҳис этган ҳолда.
Эпштейн қисқа вақт ичида Уолл-стритга ўтиб олади. У Bear Stearns инвестиция банкида иш бошлайди. Қандай қилиб? Бу саволга ҳозиргача жавоб йўқ. Ахир, у дипломсиз бўлиши билан бирга тажрибасиз ҳам эди. Лекин шунга қарамай, юқори лавозимларга кўтарилди. Йирик сармоядорлар, банклар ва миллиардерлар билан ишлай бошлади. Эпштейн ҳеч қачон ўз мижозларининг тўлиқ рўйхатини очмаган. Лекин бир нарсани аниқ қилиб кўрсатган: у оддий миллионерлар билан ишламасди.
Эпштейннинг асосий «ижтимоий капитали» – сир сақлаш, одамларни боғлаб қўйиш ва уларнинг заиф нуқталарини билиш эди.
У ҳеч қачон «оммавий» бой бўлмаган. Forbes рўйхатларига кирмаган, очиқ компанияларга эгалик қилмаган, бизнес империя қурмаган. Эпштейннинг бойлиги ҳамиша мавҳум, ёпиқ ва ҳисоб-китобдан ташқарида эди. Айнан шу ҳолат унинг шахсини янада сирли ва ишончли қилиб кўрсатган.
Эпштейн пулни «яшириб» бошқарган, солиқдан қочиш схемаларини тузган, активларни офшорларга ўтказган, айрим ҳолларда эса шахсий муаммоларни «ҳал қилиб берган».
Унинг компаниялари очиқ ҳисобот бермас, акциялар бозорида йўқ эди, фаолияти эса «хусусий маслаҳат» деб ёпиб қўйиларди.
Эпштейннинг энг хавфли жиҳати – унинг алоқалари бўлган. Бу товламачи билан боғлиқ исмлар орасида сиёсатчилар, президентлар, шаҳзодалар, миллиардерлар, машҳур олимлар ва ишбилармонлар бор.
Эпштейн шантажчи эди. Камералар, ҳужжатлар, махфий ёзувлар… У элитани ўз чангалида ушлаб турарди.
Шахсий орол ва яширин қуллик тизими
Жеффри Эпштейннинг энг қора иши – Little Saint James хусусий оролидир. Оммавий ахборот воситалари уни «орзулар ороли» деб атаган бўлса, қурбонлар «даҳшат ороли» сифатида билади. Бу масканга хусусий самолётлар орқали кирилган, ташқи назорат деярли бўлмаган,
Оролга вояга етмаган қизлар олиб келинар, улар пул, таҳдид ёки алдов орқали таҳқирланар, элита меҳмонларга тақдим этилар эди. Қурбонларнинг аксарияти камбағал оилалардан чиққан, ҳуқуқий ҳимоясиз қизлар эди. Уларга «массаж»,«моделлик»,«иш» ваъда қилинарди.
Гислейн Максвелл – Эпштейн тизимининг етакчи фигураси. У британиялик, отаси – медиамагнат Роберт Максвелл. Элита муҳитида ўсган. Айбловларга кўра, қурбонларни Максвелл топган, уларнинг ишончига кирган ва Эпштейнга топширган (ҳозирги кунда 20 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда).
Суд, қамоқ ва «ўз жонига суиқасд»
Эпштейн илк бор 2008 йилда жазога тортилди. Аммо оғир жиноятларига қарамай, енгил жазо олди, ҳатто кундузлари қамоқдан чиқиб ишлаш ҳуқуқига эга бўлди. Бу адолат эмас, келишув эди.
2019 йил 6 июлда эса Эпштейн тағин ҳибсга олинди. Бу сафар вазият жиддий эди. Вояга етмаган қизларни жинсий эксплуатация қилиш, одам савдоси ва жиноий тармоқни яратиш айблари қўйилди. Энди у аввалгидай «келишув» билан қутулиб кета олмасди. Жиноятлар жуда кўп, гувоҳлар ҳам роса бисёр эди.
Лекин Эпштейн судгача етиб бормади: 9-дан 10 августга ўтар кечаси у қамоқхонада “ўзини осиб” ўлдирди. Қарангки, айни ўша пайтда видеокамералар ишламаган, қўриқчилар ухлаб қолган ва ҳужжатлар йўқолган. Ваҳоланки, у махсус назоратда эди, адвокатлари доим камерага кириб-чиқиб туришарди.
Жеффри Эпштейн ўлди, лекин саволлар очиқ қолди: у кимлар учун ишлаган, уни ким ҳимоя қилган? Нима учун ўшанда асосий мижозлар очиқланмади? Дарвоқе, суиқасдгача – 23 июль куни Эпштейн камерада беҳуш ҳолда топилганди. Расмий фараз: “ўзини бўғишга уринган”. Шундан кейин уни қатъий назоратда ушлаш керак эди. Аммо айнан шу ерда энг катта шубҳалар бошланади. Кейинчалик бу ҳолат “ноаниқ ҳодиса” деб қайта таснифланди.
Хуллас, Эпштейн ўлди. Ваҳоланки, у ҳар 30 дақиқада текширилиши шарт эди, видеокамералар ишлашидан ташқари икки қўриқчи навбатда бўлиши керак эди.
Жеффрининг акаси, жамоатчиликдан узоқ яшаган Марк Эпштейн укасининг ўлими “шубҳали” эканини бир неча бор омма олдида айтган (Марк Жеффрининг жиноятларини очиқ қоралаган, у билан муносабати яхши эмас эди).
Жеффри Эпштейн – якка шахс эмас, жирканч тизимнинг бир бўлаги, ифлос механизмнинг марказий винти эди. Унинг тарихи – пул адолатни сотиб олиши, элита жавобгарликдан қочиши, қурбонлар овози эса эшитилмаслиги ҳақидаги қора ҳикоядир.
Эпштейннинг қўлида пуллар билан сирлар ҳам бор эди. Ва айнан шу сирлар уни тирик қолдирмади.
А.Фатҳуллаев.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter