Бошпанасиз оиланинг ифтори. Кўзга ёш келтирувчи суратлар
Суриянинг Ариҳа шаҳри. 5 минг йиллик тарихга эга кўҳна кент 2011 йилдан буён давом этаётган уруш туфайли ер билан яксон бўлди. Ариҳа «гуллар ифори» деган маънони билдиради. Таассуфки, бир замонлар гуллар ифорига тўлган шаҳарда бугун порох иси анқийди. Рим ва Византия салтанатларини кўрган қадимий иморатлар вайрон, кўп минг сонли аҳолининг бошпанаси кунфаякун этилди.
Вайроналар орасида ифтор қилиб ўтирган – Ториқ Абу Зиёднинг оиласи! Ўтган йили Сурия ҳукумати қўшини Россия самолётлари ёрдамида Ариҳага ҳужум бошлаган пайтда Ториқ уч фарзанди ва онаси билан туғилган шаҳридан бош олиб кетди. Коронавирус тарқалиши ортидан Сурияда жанг қилаётган турли сиёсий гуруҳлар бир муддат қуролини қўйишга мажбур бўлди. Муваққат сулҳдан фойдаланган 29 ёшли Ториқ оиласи билан киндик қони тўкилган уйга қайтиб келди.
Абу Зиёд оиласи ушбу қадрдон гўшада неча йиллар давомида тинч-осойишталикда Рамазонни қарши олган. Аммо ҳокимият қутқусига берилган кимсаларнинг касрига улар Аллоҳнинг фарзини эминликда адо этиш бахтидан мосуво бўлдилар.
Аммо имони мустаҳкам мўминлар қатори Ториқ ҳам бу ҳолдан тушкунликка тушгани йўқ. «Бу – Аллоҳнинг синови. Яқин кунларда яна дорилмон кунларда қайтади», дейди у.
Иншааллоҳ, шундай бўлсин! Ўлим шарпаси кезиб юрган вайроналар ўрнида тез фурсатда яна маъмур шаҳар қад ростласин! Ториқ Абу Зиёд ва унинг минглаб ватандошлари келгуси Рамазонларни шинам уйларда қарши олсин...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter