Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Lactalis» Ўзбекистондан болалар учун сут маҳсулотларини қайтариб оляпти

«Lactalis» Ўзбекистондан болалар учун сут маҳсулотларини қайтариб оляпти

Франциянинг йирик сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси — Lactalis компанияси чоршанба куни 18 давлатда болалар учун мўлжалланган сут маҳсулотларининг айрим партияларини бозордан қайтариб олаётганини маълум қилди. Бунга Nestle компанияси томонидан ой бошида айрим болалар овқатлари партиялари қайтариб олинишига сабаб бўлган токсин – цереулид аниқлангани сабаб бўлган.

Компания баёнотида айтилишича, Lactalis Nutrition Santé (LNS) таркибига кирувчи олти партия Picot бренди остидаги болалар сути ихтиёрий равишда қайтариб олинмоқда. Ушбу маҳсулотлар дорихоналар ва супермаркетларда сотилган. Қайтариб олишга сабаб — халқаро етказиб берувчидан олинган ингредиент таркибида цереулид моддаси аниқлангани.

Баёнотда қайд этилишича, бактерия келиб чиқишига эга бўлган цереулид моддаси ич кетиши ва қусиш каби белгиларни келтириб чиқариши мумкин.

Lactalis расмий вакили Reuters агентлигига билдиришича, маҳсулотларни қайтариб олиш қуйидаги 18 давлатни қамраб олади: Австралия, Чили, Хитой, Колумбия, Конго, Чехия, Эквадор, Франция, Грузия, Греция, Қувайт, Мадагаскар, Мексика, Монако, Испания, Перу, Тайван ва Ўзбекистон.

Компания маълумот беришича, ушбу қарор Франция болалар овқатлари бўйича профессионал уюшмаси томонидан берилган огоҳлантиришдан сўнг қабул қилинган. Унда айрим болалар сути таркибида ишлатиладиган ва халқаро етказиб берувчидан олинган омега-6 ARA ингредиентида цереулид бўлиши мумкинлиги айтилган.

Маълумот учун, Lactalis дунёдаги энг йирик сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Компания 2017–2018 йилларда ҳам оммавий равишда болалар учун сут аралашмаларини бозордан қайтариб олишга мажбур бўлган эди. Ўшанда ўнлаб чақалоқлар компания ишлаб чиқарган ифлосланган сут аралашмасини истеъмол қилганидан сўнг сальмонелла билан касалланган.

Манба: reuters.com

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг