Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мерц: «Буюк давлатлар даврида эркинлигимиз кафолатланмаган»

Мерц: «Буюк давлатлар даврида эркинлигимиз кафолатланмаган»

Германия канцлери Фридрих Мерц Мюнхен хавфсизлик конференцияси очилишида сўзлар экан, ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлган халқаро тартиб «амалда тугаганини» билдирди. Унинг таъкидлашича, қоидалар ва ҳуқуққа асосланган глобал тизим парчаланмоқда ва Европа хавфсизликка бўлган ёндашувини тубдан қайта кўриб чиқиши керак.

Мерц конференция шиори бўлган «Дунё парчаланмоқда» жумласи реал вазиятни акс эттиришини таъкидлади.

 «Бу тартиб, камчиликларига қарамай, энди мавжуд эмас», – деди у.

Канцлернинг фикрича, Берлин девори қулаганидан кейин юзага келган «бир қутбли давр» якунланган. Янги босқичда йирик давлатлар ўртасидаги куч сиёсати ҳатто энг қудратли мамлакатлар хавфсизлигига ҳам таҳдид солмоқда. У бу жараённи «инқилоб олди даврларига хос таранглик» билан қиёслади.

Мерц ўз нутқида АҚШни ҳам огоҳлантириб, янги геосиёсий шароитда Вашингтон «ёлғиз ўзи ҳаракат қилиб» мақсадга эриша олмаслигини таъкидлади. У трансатлантик муносабатлар мураккаб босқичга кирганини тан олди.

Айниқса, у АҚШ вице-президенти Девид Вэнснинг ўтган йилги Мюнхендаги танқидий нутқини эслаб, Европа ва АҚШ ўртасида «жарлик» пайдо бўлганини айтди. Бироқ Мерц Вэнснинг хулосаларига қўшилмаслигини билдирди.

Канцлер Россия-Украина уруши мавзусига алоҳида тўхталиб, Ғарб Киевни қўллаб-қувватлашни давом эттириши шартлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия фақат иқтисодий ва эҳтимол ҳарбий жиҳатдан заифлашгандагина тинчликка рози бўлиши мумкин.

Мерц 2024 йилда ЕИ давлатларидан бирининг бош вазири Москвага борганини, аммо бу ташриф натижа бермаганини эслатди. У Россияни агрессиядан ҳеч қандай фойда кўрмайдиган ҳолатга олиб келиш зарурлигини таъкидлади.

Канцлер, шунингдек, Европа ўз салоҳиятини тўлиқ ишга солмаганини тан олди. У қиёсий рақамларни келтирди: Россия ЯИМи тахминан 2 триллион евро, ЕИники эса ундан қарийб ўн баробар катта. Шунга қарамай, Европа «ўн баробар кучли эмас».

«Буюк давлатлар даврида эркинлигимиз кафолатланмаган. Уни ҳимоя қилиш учун қатъият керак», – дея хулоса қилди Мерц.

Унинг чиқиши Европа хавфсизлик архитектурасини қайта кўриб чиқиш, мудофаа салоҳиятини ошириш ва геосиёсий мустақилликни кучайтириш зарурлиги ҳақидаги чақириқ сифатида баҳоланмоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг