Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Москвада ҳайит намози бўйича чеклов ўрнатилиши айтилмоқда

Москвада ҳайит намози бўйича чеклов ўрнатилиши айтилмоқда

Ўтган йил Рамазон ҳайити намози Москвада 400 минг мусулмон иштирокида адо этилган.

Фото: «Московский комсомолец»

Москва шаҳри маъмурияти мусулмонларга Ийд ул-Фитр – Рамазон ҳайити намозини «уй шароитида» адо этиш бўйича тавсия йўллади.

Телеграмдаги «Осторожно, новости» канали Москва ҳукумати Миллий сиёсат ва минтақалараро алоқалар департаменти томонидан пойтахт префектураларига (ҳудудий ижро органлари) йўлланган хатни чоп этди.

2 апрель куни имзоланган хатда ҳайит намози масжидлардан онлайн-трансляция қилиниши қайд этилади  ва мусулмонларга намозни уй шароитида адо этиш тавсия қилинади. Ҳудудий бошқарув идораларига мусулмонлар ишлайдиган корхона ва ташкилотларда бу йилги Рамазон ҳайитининг ўзига хослиги ва чеклови борасида тушунтириш олиб бориш, хусусан, Марказий Осиёдан келган мигрантларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги уқтирилган.

Миллий сиёсат ва минтақалараро алоқалар департаменти матбуот хизмати чеклов «Крокус cити ҳолл»даги терактга алоқадор эканини истисно этмаган.

Москва нашрлари пойтахт маъмурияти ҳайит куни провокациялардан хавотирланаётгани ҳақида ёзган. Айни чоқда, ҳозирча «тавсия» деб аталаётган чеклов амалда қандай қўлланиши савол остида қолмоқда.

Ўтган йили Рамазон ҳайити намози Москвадаги тўртта жоме масжид, «Сокольники» хиёбони ҳамда Техник спорт турлари марказида 400 минг мусулмон иштирокида адо этилган.

Бу йилги Рамазон ҳайити 10 апрелга тўғри келиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида, икки ҳайит намози ёлғиз ҳолда эмас, балки жамоат билан бирга адо этилиши лозим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг