Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Навальний Украина уруши ва Россияда империячилик кайфиятига чек қўйиш йўлини айтди

Навальний Украина уруши ва Россияда империячилик кайфиятига чек қўйиш йўлини айтди

Навальний Ғарб ҳамжамиятини 90-йиллардаги хатони такрорламасликка чақирди.

Фото: «The Insider»

Россиялик мухолиф сиёсатчи, айни пайтда қамоқда жазо муддатини ўтаётган  Алексей Навальний «The Washington Post» газетасида чоп этилган мақоласида Украинадаги уруш ва Россияда тобора кучайиб бораётган империячилик кайфияти хусусидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Айни пайтда коллектив Ғарб Украина Россия устидан ғалаба қозониши лозимлиги, босқинчи давлатнинг қўли баланд келишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидламоқда. Алексей Навальний фикрича, Ғарб ҳамжамияти бу ўринда оқибатни – урушдан кейин Россиянинг ҳолатини инобатга олмаётир. Мухолифатчига кўра, урушда мағлуб бўлган тақдирда ҳам Кремль мамлакат жамоатчилигини «биз Украинага эмас, балки Ғарб ва бутунбошли НАТОга қарши урушдик» деган иддаога ишонтириб, яна-қайта қуролланишга зўр бериши мумкин. Бу эса галдаги хунрезликларга замин ҳозирлайди.

Аксар таҳлилчилар Владимир Путин президентликдан кетиши билан расмий Москванинг сиёсати кескин  ўзгаришига умид қилмоқда. Аммо Навальний Путин кетган тақдирда ҳам унинг издошлари империячилик ғояларини давом эттириши мумкин деб ҳисоблайди.

«Украина урушини ўз ички сиёсий муаммоларини ҳал этишни кўзлаган Путин бошлагани аниқ. Аммо империячилик руҳидаги рус авторитаризмига суянган ҳокимият тизими, бутун элита ҳам муҳораба тарафдори эканини унутмаслик керак. Империяча авторитаризм бугунги Россия учун чинакам тавқилаънат бўлиб, барча мусибатларга доялик қилмоқда. Тарихий имкониятларга қарамай, ундан халос бўла олмаётирмиз», – деб ёзади тутқун сиёсатчи.

Қўшни мамлакатда амалга оширилаётган даҳшатли жиноятларни нафақат украинлар, балки Россиянинг кейинги авлоди ҳам кечирмаслигини таъкидлаган муаллиф уруш ва империячилик даъволарига чек  қўйиш йўлини таклиф этади.

Қайд этилишича, СССР парчаланганидан кейинги 31 йил давомида парламент республикаси бошқарув моделини танлаган республикалар, хусусан, Болтиқбўйи ўлкалари тарихий ютуқларга эришди. Шунга кўра, Россия ҳам парламент республикаси тизимига ўтиши керак.

«Стратегик ғалаба моҳияти шундаки, Россия ана шу тарихий ўзанга бурилиши ва мамлакат халқи тўғри танловни амалга ошириши лозим. Россия учун порлоқ истиқбол «кучли ҳокимият» ва «қаттиққўл бошқарув»да эмас, балки ўзаро муроса, келишув ва бутун жамият манфаатлари ҳисобга олинишида. Россия парламент республикасига айланмоғи даркор, фақат шу йўл билангина империяча авторитаризмнинг интиҳоси кўринмаётган тараллабедодига чек қўйиш мумкин»,  – деб таъкидлайди Навальний. 

Путин ҳокимиятдан кетса ҳам босқинчилик сиёсати давом этиши мумкин, деб ҳисоблайди мухолифатчи. Фото: «The Washington Post»

Муаллифга кўра, Путин ёки унинг вориси парламентни ҳам назоратга олишга уриниши эҳтимолидан кўз юмиб бўлмайди. Аммо парламент республикаси тизимига ўтилиши билан мутлақ ҳокимиятнинг бир шахс қўлида тўпланишига чек қўйилади. Мустақил суд тизими ва маҳаллий ҳокимиятнинг кучайиши ҳам яккаҳукмдорлик йўлини ёпади.

«Мамлакатда Путин режимини ўзгартириш ва муносиб тараққиёт йўлини танлаш, шубҳасиз, Ғарбнинг эмас, балки Россия фуқароларининг вазифаси. Айни чоқда, Россия давлати ва элитасига санкциялар орқали таъсир кўрсатишга уринаётган Ғарб ҳам ўзи учун «Россия – парламент демократияси мамлакати» деган стратегик қарашни белгилаб олиши шарт. Ғарб давлатлари ўтган асрнинг 90-йилларидаги каби, шармандаларча йўл тутиб, хатони такрорламаслиги керак. Ўшанда постсовет элитага «Билган номаъқулчилигингизни қилаверинг, ядро қуролига кўз-қулоқ бўлиб, бизга нефть-газни вақтида етказиб турсангиз бас» дейилган эди. Ҳозир ҳам шу каби нохуш овозлар қулоққа чалинмоқда», – дейди муаллиф.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг март ойида Москва маҳкамаси А.Навальнийни фирибгарлик жиноятида айбдор деб топиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этди. Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган мухолифатчи айбловларни рад этган ва сиёсий фаолияти сабаб таъқибга учраётганини маълум қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг