Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нурсултон Назарбоев хотира китобида иккинчи оиласи борлигини тан олди

Нурсултон Назарбоев хотира китобида иккинчи оиласи борлигини тан олди

Иллюстрация: orda.kz

Қозоғистоннинг биринчи президенти хотираларини китобга айлантирди. Рус тилида ёзилган «Менинг ҳаётим» номли мемуар яқинда сотувга чиқади. Унда Нурсултон Назарбоев биринчи марта иккинчи рафиқаси Асел Исабаева ва ундан туғилган ўғиллари ҳақида маълумот берилади.

Нашрнинг биринчи нусхалари аллақачон сиёсатчилар, экспертлар ва журналистларга юборилган. Қайд этилишича, хотиралар биринчи президент ҳаётининг ҳам сиёсий, ҳам шахсий томонига бағишланган.

Хусусан, хотираларда Назарбоевнинг иккинчи оиласи – рафиқаси Асел Исабаева ва икки ўғли ҳақида ҳам қайдлар бор. Назарбоев биринчи марта Аселни илк бор аэропортида кўриб қолганини ёзган.

«Давлат раҳбарининг ҳудудларга амалий ташрифи чоғида самолёт зинапоясида гуллар билан кутиб олинади. Маълумки, бундай маросимда иштирок этиш учун энг гўзал маҳаллий қизлар танлаб олинади. Биз узоқ вақтдан бери ўрганиб қолган чиройли маросим. Аэропортда менга гул совға қилган қиз ҳайратланарли даражада гўзал эди. Мен очиқ юзли, ёниб турган нигоҳли ва ажойиб қоматга эга қизни узоқ вақт хаёлимда сақладим», деб эслайди собиқ президент.

Асел Исабаева 1999 йили «Қозоғистон гўзали» танлови ғолиби бўлган

Кейинчалик Назарбоев унинг «Қозоғистон гўзали» танловида иштирок этаётганини билиб қолади ва тез орада у билан кўришади.

«Танишдик, бу ўзаро симпатияга айланди, симпатия эса яқинликка. Кейин учраша бошладик. Аселнинг ташқи кўринишида ҳам, фикр-мулоҳазаларида ҳам ўзим излаган кўплаб фазилатларни кўрдим. Ва энг муҳими, мен йиллар давомида давом этган руҳий ёлғизликдан халос бўлдим. Мусулмонлар урф-одатига кўра турмуш қурдик. Асел менга икки фарзанд совға қилди – икки улуғвор ўғил. Тауман 2005 йилда, Байкен эса 2008 йилда туғилган. Оталик бахтига 65 ёшимда яна сазовор бўлдим», деб ёзган муаллиф.

Назарбоевнинг катта ўғли Тауман энергетика вазирининг қизига уйланган
Фото: kaztag.info

Мемуарда келтирилишча, Назарбоевнинг қонуний турмуш ўртоғи Сора вазиятни тўғри тушунган ва эрини кечирган. У Аселдан илк бор фарзанд кўргач, у билан муносабатлари ҳақида биринчи хотинига айтиб берган ва кечирим сўраган. Таъкидланишича, Дариға, Динара ва Алия ҳам отасини тўғри тушунишган.

«Шунақа гаплар, дўстлар. Мен бутун ҳақиқатни айтдим. Бунга қандай муносабатда бўлишингиз ўзингизга боғлиқ. Бу ҳаёт. Битта инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат бор. Ҳақиқат шундаки, қалбингизга буйруқ беролмайсиз», дея таъкидлаган собиқ президент.

Асел Исабаева Назарбоевнинг 2018 йилги мурожаатномаси тингловчилари орасида.
Видеодан скриншот

Хотираларида у қизларига ҳам, ўғилларига ҳам бир хилда муносабатда эканини ёзган. Қизларнинг фарзандларини қозоқ халқи анъанасига мувофиқ ўз набираси деб билишини уқтириб ўтган. Ўғиллари эса вориси ва фамилиясининг давомчиси эканини фахр билан тилга олган. Китобда тўққизта отасининг номини келтираркан, Назарбоев, ўғиллари сулоласининг 11-бўғини бўлишини алоҳида эътироф этган.

Биринчи президент сайтида Нурсултон Назарбоев элликдан ортиқ китобнинг муаллифи экани келтирилади. «Менинг ҳаётим»дан ташқари у Қозоғистоннинг собиқ биринчи хотини ва биргаликдаги турмушига ҳам бағишлаб китоб ёзган. Назарбоевнинг бошқа китоблари совет давридан қолган анънага кўра бошқалар томонидан ёзилиб, президент номидан чоп этилгани айтилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг