Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Нега?» — Интернетни ларзага солган пингвин ҳақида

«Нега?» — Интернетни ларзага солган пингвин ҳақида

Ўтган дам олиш кунлари ижтимоий тармоқлар музли тоғлар томон — муқаррар ўлим сари йўл олган ёлғиз пингвин билан «яшади».

Фойдаланувчилар қочқин пингвинни нигилист деб аташди ва узоқлашиб бораётган ёлғиз қушнинг жуда кўп видеоларини жойлаштиришди. Бу «ўлим марши»га ғамгин мусиқа ва кадр ортидаги овоз янада драматизм бағишлади. Эмпатияси кучли томошабинларни эса жавобсиз қолган «But why?» («Лекин нега?») саволи буткул маҳв этди.

Пингвин-нигилист қаердан пайдо бўлди?

Интернетда вирусдек тарқалган пингвин ҳақидаги видео — Вернер Херцогнинг «Дунёнинг четидаги учрашувлар» номли ҳужжатли фильмидаги лавҳадан олинган. Немис режиссёри бу фильмни қарийб 20 йил аввал Discovery Channel’нинг бадиий фильмлар бўлими учун суратга олган.

Режани амалга ошириш учун Херцог Антарктикадаги Мак-Мердо станциясида етти ҳафта яшашига тўғри келган. 

Қизиқ факт: Фильм 2009 йилда «Оскар» мукофотига номзод бўлган, аммо мукофот охир-оқибат бошқа фильмига насиб этган. 

Херцогнинг картинаси оддий пингвинлар ҳақидаги ҳужжатли фильмларга ўхшамайди. Кадрларда режиссёр Мак-Мердога турли сабаблар билан келиб қолган одамлар билан мулоқот қилади. Унинг суҳбатдошларидан бири эколог Дэвид Эйнли бўлган. Режиссёр унга пингвинлар орасидаги «жиннилик» ҳақида кутилмаган савол беради.

Эйнлининг тушунтиришича, баъзан пингвинлар маконда йўналишни йўқотиб қўяди ва океандан узоқлашиб кетади. Ҳолбуки, океанга яқин бўлиш уларнинг озиқланиши учун ҳаётий аҳамиятга эга.

Ижтимоий тармоқларни портлатган саҳнада айнан шундай пингвин кўрсатилган: у тоғлар томон юрарди. Экологнинг айтишича, уни қайтаришга қилинган ҳар қандай уриниш бефойда бўлар эди. Ҳатто уни орқага буришса ҳам, барибир аввалги йўлига қайтади.

«Бир пингвин бор эди — ўртада тургани. У музлик четидаги озуқа жойига бормади, колонияга ҳам қайтмади. Кўп ўтмай, унинг тоғлар томон — тахминан 70 километр масофага йўл олганини кўрдик. Доктор Эйнли тушунтирдики, ҳатто уни ушлаб, колонияга қайтарса ҳам, у яна тоғларга қараб юради. Лекин нега?»

Пингвин-нигилист меми нимани англатади?

Пингвин ҳақида видео жойлаштира бошлаган фойдаланувчилар турли хил монтажлардан, сунъий интеллектдан фойдаланишди, кутилмаган мусиқалар, машҳур фильмлардан энг қайғули саҳналарни қўшишди — хуллас, бу умидсиз қушга қараш нақадар оғир эканини кўрсатиш учун қўлдан келганини қилишди.

Пингвинни нигилист деб аташларининг сабаби — у қоидаларга қарши чиқиб, колонияни тарк этади, океандан узоқлашади. Ҳолбуки, айнан ўша ерда уни тирик қолдирадиган балиқ бор. Одамлар пингвинни инсонлаштириб, унинг «алоҳида бир нарсага муҳтож» эканини, ўз йўлидан қўрқмай борганини тасаввур қилишди.

Ўз йўлидан боришдан қўрқмаслик, ҳатто бу жуда қимматга тушса ҳам — нигилист ҳақидаги кўплаб рилсларнинг асосий ғоясига айланди.

Айрим фойдаланувчилар изоҳларда ўзларини у билан қиёслаб, унинг ҳис-туйғуларини тушунишларини ва бу танловни қўллаб-қувватлашларини ёзишди. Бошқалар эса очлик ва ҳолсизликдан нобуд бўлган қушга жуда ачинишди. Шу билан бирга, мотивацион шиорлар ҳам пайдо бўлди: «Агар пингвин қила олган бўлса, сен ҳам қила оласан», «Таслим бўлма», «Пингвиндек бўл».

«У шунчаки пингвин эмас. Сенда битта ҳаёт бор. Уни колонияда қолиб ўтказмоқчимисан? Ёки бориб, бошқа бирор иш билан шуғулланмоқчимисан? Бу дунёда икки хил одам бор: тоғларга кетадиганлар ва колонияда қолиб, овқатни танлайдиганлар. Сен қайси тоифадасан? Мен эса қайси тоифада эканимни биламан. Мен ҳаётдан кўпроқ нарса олишни хоҳлайман», — дея ёзган блогерлардан бири.

Бошқа бир фойдаланувчи эса шундай деган:

«Бу пингвин нигилист эмас, тушунинглар. У экзистенциал инқирозда. У ҳеч нарсага ишонмайди ва ҳаётни абсурд деб ҳисоблайди. Мен шунчаки аниқлик киритмоқчи эдим».

Албатта, тренддан Вернер Херцогнинг ўзи ҳам четда қолмади. У қарийб 20 йил аввал Антарктикада суратга олинган пингвин ҳали ҳам шунча одамларнинг тасаввурини забт этиб келаётганини кузатиш ўта қизиқ эканини тан олди.

Шунингдек, режиссёр фильм яратилиши билан боғлиқ қизиқ бир воқеани ҳам айтиб берди. Унинг сўзларига кўра, кадр ортидаги овозни ёзишда у «Ечилмаган сирлар» сериалидан илҳомланган.

«У ерда даҳшатли овоз бор эди. Масалан, у шундай дерди: “Стоматолог уйига қайтиб келди — эшик очиқ, ҳамма жой қон. Ва у тушунди: нимадир жуда нотўғри. Кейин у ошхона полида хотинини топди — у қонга беланган эди. Уни ўлдиришган. Албатта. Лекин нега?” Мен айнан шу овоздан фойдаландим», — деди Херцог.

Оқ уй мемлари: Трамп ва пингвин

Қизиғи шундаки, пингвиннинг ижтимоий тармоқлардаги машҳурлиги Оқ уйни ҳам бефарқ қолдирмади. АҚШ маъмуриятининг расмий аккаунтида Дональд Трамп пингвин-нигилистни қанотидан ушлаб, узоққа кетиб бораётгани акс этган мем жойлаштирилди.

Улар Гренландия бўйлаб юриб кетишарди. Бироқ фойдаланувчилар расм муаллифларини масхара қилишди ва янги мемларга айлантиришди. "АҚШ ҳукуматидагилар билишмасмикин, пингвинлар у оролда яшамайди", деб изоҳ қолдиришди.

Изоҳлар ўчириб қўйилмади, шу боис фойдаланувчилар сунъий интеллект ёрдамида яратилган вариантларда Трампни, масалан, оқ айиқлардан қочиб кетаётган ҳолда тасвирлаб, ҳазил қилиш имконига ҳам эга бўлишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг