Покистон Кобулга ҳаво ҳужуми уюштирди: 400 дан ортиқ қурбон ҳақида хабар берилди
Афғонистон ҳукумати Кобулдаги наркологик реабилитация марказига қилинган авиаҳужум оқибатида камида 400 киши ҳалок бўлгани, яна 250 нафар яраланганини маълум қилди.
Талиблар ҳукумати вакили Ҳамдулло Фитратнинг айтишича, зарба душанба куни маҳаллий вақт билан соат 21:00 да 2000 ўринли давлат клиникасига берилган. Унинг сўзларига кўра, бинонинг катта қисми вайрон бўлган ва қурбонлар сони яна ошиши мумкин.
Покистон эса бу айбловларни рад этиб, зарбалар тиббий муассасаларга эмас, балки «ҳарбий объектлар ва террористлар инфратузилмасига» қаратилганини билдирди. Расмий Исломобод ҳужумлар аниқ режалаштирилганини ва тинч аҳолига зарар етказмасликка ҳаракат қилинганини таъкидлади.
Икки давлат ўртасидаги кескинлик февраль ойидан бери кучайган. Покистон Афғонистонни «Теҳрик-е Толибон Покистон» жангариларини қўллаётганиликда айбламоқда, Кобул эса буни инкор этяпти.
БМТ маълумотларига кўра, 26 февралдан бери давом этаётган тўқнашувларда камида 75 киши ҳалок бўлган, 193 нафар яраланган.
Хитой эса вазиятни юмшатиш мақсадида воситачилик қилмоқда ва ҳар икки томонни тезроқ ўт очишни тўхтатишга чақирган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter