Президентлик сайловининг биринчи тури ҳаққоний ўтди — Руминия Конституцион суди
Руминия Конституцион суди президентлик сайловининг биринчи турини ҳаққоний ўтган деб ҳисоблаб, унинг натижаларини тасдиқлади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Биринчи турда Россияга ён босувчи ултра ўнг сиёсатчи Кэлин Жеоржеску энг кўп овоз тўплаган эди.
Тўққиз нафар судянинг барчаси сайловда овоз бериш натижаларини бекор қилиш ва овозларни қайта санаш бўйича протестни бир овоздан рад этишди. Конституцион суд раиси Мариан Энакенинг айтишича, Руминия сайлов комиссияси овоз бериш жараёнида қонун бузилишларини аниқламаган.
62 ёшли Жеоржеску мамлакат президентлиги учун сайловда мустақил номзод сифатида қатнашмоқда. Уни Руминиядан ташқарида деярли ҳеч ким танимайди. Президентликка номзодлар орасида жиддий рақиб саналмаётганди, сайловолди кампаниясини асосан интернетда, хусусан, TikTok платформасида олиб борган. Шунга қарамасдан, биринчи турда ҳаммадан кўп — 22,94 фоиз овоз тўплаши шов-шувга сабаб бўлди.
Шундан сўнг биринчи турда мағлуб бўлган икки номзод сайлов натижалари устидан мамлакат Олий судига даъво киритиб, Жеоржескуни ўз сайловолди кампаниясини молиялаштириш манбаларини ошкор қилмаганликда айблашганди.
Қолаверса, Руминия миллий муҳофаза олий кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказиб, ижтимоий тармоқлар ва оммалашган интернет-платформалар сайлов жараёни ва мамлакат учун қандай хатарлар туғдириши мумкинлиги муҳокама қилинган.
8 декабрга белгиланган 2-турда «Руминияни қутқариш иттифоқи» ўнг-марказ либерал партияси етакчиси Елена Ласкони Кэлин Жеоржескуга рақиб бўлади. Биринчи турда Ласкони 19,18 фоиз овоз тўплаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter