Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Путин ва Тўқаев нималарни келишиб олди?

Путин ва Тўқаев нималарни келишиб олди?

Кеча, 9 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин Остонага расмий ташриф билан бориб, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар якунида Тўқаев ва Путин мамлакатлар ўртасида ХXI асрда яхши қўшничилик ва иттифоқчилик тўғрисидаги шартнома қабул қилинганининг ўн йиллигига бағишланган қўшма баёнот ҳамда 2024−2026 йиллар учун ҳамкорлик режасини имзоладилар.

Томонлар қуйидаги тадбирлар режасини келишиб олдилар:

  • 2024−2026 йилларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида;
  • Қозоғистон Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси ва Россия Федерал божхона хизмати ўртасидаги 2024−2025 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисида.

Бундан ташқари, Қозоғистон ва Россия ўртасида қатор меморандумлар имзоланди:

  • Энергетика вазирликлари ўртасида учта: «Кокшетау», «Семей» ва «Уст-Каменогорск» иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида;
  • Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Россия Меҳнат ва бандлик федерал хизмати ўртасида меҳнат инспекцияси масалалари бўйича ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик тўғрисида.

Минтақалараро ҳамкорлик форумида Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш бугунги кунда рекорд даражадаги 27 млрд долларга етганини қайд этди.

«Яқинда Россия газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзитини бошлагани муҳим воқеа бўлди. Бу лойиҳа Марказий Осиёда минтақавий барқарорлик ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди», — деди у.

Президентлар музокараларда нефть-газ саноати, машинасозлик, энергетика, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар алоқалар каби соҳалардаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилишган.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ишончли тарзда ривожланмоқда. Рақамлар, албатта, буни яққол кўрсатиб турибди. Эртага Россия ва Қозоғистон ўртасида XXI асрда яхши қўшничилик ва иттифоқчилик тўғрисидаги асосий шартнома тузилганига 10 йил тўлади. Бу ҳужжат кўп қиррали дўстона муносабатларимизни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлди», — деди Владимир Путин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг