Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Путин яна Қозоғистон президенти исм-шарифини чалкаштирди

Путин яна Қозоғистон президенти исм-шарифини чалкаштирди

Фото: Кремль матбуот хизмати

Россия президенти Владимир Путин яна бир бор Қозоғистон етакчиси Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг исм-фамилияси талаффузида хатога йўл қўйди. Ўнғайсиз вазият Путиннинг мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашувида рўй берди.

С.Шойгу Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тинчликпарвар қўшинининг Қозоғистонда тартиб ўрнатишдаги иштироки хусусида ҳисобот берган. Путин суҳбат пайти президент Қосим-Жўмарт Камолович Тўқаевни «Касам Жемель Кемельич Токаев» деб атади. Федерал телеканаллар ушбу ҳолат акс этган лавҳани монтаж қилган ҳолда эфирга узатган. Интернет орқали жонли эфирда эса чалкашликни яшириб бўлмади. 

Россия раҳбари Қозоғистон президенти исм-шарифини бир неча кун аввал КХШТнинг онлайн мажлисида ҳам «Кемел Жомартович» шаклида хато талаффуз қилганди.

Қозоғистон етакчиси бу ҳолат бўйича муносабат билдирганича йўқ.

2021 йил декабрь ойидаги йиллик анжуманда эса Владимир Владимирович Қосим-Жўмарт Камоловични шунчаки «янги президент» деб атаган.

Россия етакчиси томонидан хориж давлат раҳбари исм-шарифини чалкаштириш билан боғлиқ воқеа аввал ҳам кузатилган. 2020 йил 28 сентябрь куни Қирғизистон президенти Сооранбай Жээнбеков Сочида В.Путин билан музокара олиб борган эди. Ўшанда мезбон давлат раҳбари меҳмон президентга «Шариман» дея мурожаат қилган. Бу ҳол ижтимоий тармоқда ҳам акс садо берган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг