Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Путиннинг Германиядаги энг яқин дўсти» яна олмонларнинг ғашига тегмоқда

«Путиннинг Германиядаги энг яқин дўсти» яна олмонларнинг ғашига тегмоқда

Шрёдер танқидларга жавобан Путин билан дўстона муносабатдан воз кечмаслигини билдирган. Фото: dpa

Германия журналистлари ҳамда таҳлилчилари мамлакат собиқ канцлери, айни пайтда «Роснефть» директорлар кенгаши раҳбари лавозимида фаолият юритаётган Герҳард Шрёдернинг Россия манфаатларига қаратилган фаолиятидан норози бўлмоқда. Украинага ҳужум таҳдиди ортидан Москва билан муносабатлар таранглашган пайтда президент Владимир Путиннинг Германиядаги дўстига нисбатан эътирозлар янада кучаймоқда.

Социал-демократлар партияси вакили бўлган Г.Шрёдер 1998-2005 йилларда канцлер вазифасида фаолият юритган. Ҳукумат бошлиғи курсисидан кетганидан буён Россиянинг энергетика ширкатларида мўмай маошли лавозимларда фаолият юритиб келади.

Таҳлилчилар кўп йиллардан буён В.Путинни ижобий ракурсда кўрсатишга уриниб келаётган собиқ ҳукумат бошлиғи Москва билан муносабатларда партиядоши – амалдаги канцлер Олаф Шольцга таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир изҳор этаётир.

Германиянинг ARD телеканали ўз даврида мамлакат учун катта хизматлар қилган собиқ канцлер нафақага чиққач, обрў-эътиборидан айрилди деб ҳисоблайди. Шрёдер ўз даврида НАТОни Россияга таҳдид солишда айблаганди. Собиқ канцлер таниқли мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланишига Путиннинг алоқаси йўқлиги ҳақида ҳам баёнот берган.

«Собиқ канцлерлар ҳам ўз фикрини билдириш, ҳатто аҳмоқона гап айтиш ҳуқуқига эга. Лекин айни чоқда улар амалдаги канцлер ҳамда ўз мамлакатига онгли равишда зарар етказишдан эҳтиёт бўлмоғи лозим. Шрёдерни бундай тартиб-таомиллар заррача қизиқтирмайди», – деб ёзади ARD телеканали.

Шрёдерни «Владимир Путиннинг Германиядаги энг яқин дўсти» дея сифатлаган Süddeutsche Zeitung газетаси ҳам у кремлпарастлиги билан амалдаги ҳукуматни ўнғайсиз ҳолатга солаётганини таъкидлайди.

Der Spiegel журнали эса Г.Шрёдерни «даҳмаза» деб атайди.

«Россия ва Украина зиддиятида собиқ канцлер Германия ташқи сиёсати ва ўзининг партияси учун даҳмаза бўлмоқда. У мамлакат эмас, балки шахсий манфаатларини кўзламоқда», – деб ёзади Der Spiegel.

Die Zeit нашри текширувларига кўра, Шрёдер ҳамда бир гуруҳ россияпараст социал-демократ сиёсатчилар Кремль табиий газ воситасида Германияни шантаж қилишига имкон бериб қўйган. Бу ўринда гап Германия ҳамда яқин иттифоқчилар ўртасида «қора мушук» ўтишига сабаб бўлган, Россия билан ҳамкорликда барпо этилаётган «Шимолий оқим-2» газ лойиҳаси ҳақида кетмоқда.

АҚШ ва айрим Европа мамлакатлари ушбу лойиҳа Россияга энергетик қарамликни кучайтиради деб ҳисоблайди. Шунингдек, НАТО аъзоси бўлган Шарқий Европа мамлакатлари энергетик жабҳада заифлашади деган хавотир мавжуд. Қолаверса, янги лойиҳа Украинанинг газ етказишдаги воситачилик ролини ҳам йўққа чиқаради. Қайд этилишича, «Шимолий оқим» лойиҳаси бошида айнан Шрёдер ҳамда социал-демократ арбоблар турган.

Оммавий ахборот воситалари ҳамда мухолифат амалдаги социал-демократлар ҳукуматини Г.Шрёдернинг Россия манфаатига хизмат қилувчи ташаббус ва таклифларидан йироқ бўлишга ундамоқда.

2014 йилда Г.Шрёдер Санкт-Петербургда 70 йиллик юбилейини нишонлаган ва тантанада шахсан В.Путин қатнашган эди. Россия–Украина зиддияти авжига чиққан кунлар собиқ канцлернинг Ғарб рақиб ўлароқ кўрадиган давлатда байрам қилиши Германия жамоатчилигининг кескин эътирозига сабаб бўлган эди.

2018 йили В.Путиннинг навбатдаги инаугурация лавозимида Г.Шрёдер иштирок этган ва Россия президентининг хос аъёнлари қаторида – патриарх Кирилл ва Дмитрий Медведев билан ёнма-ён турган эди. Ўшанда ҳам олмон матбуот ўзини хорижий давлат раҳбарининг мулозими каби тутаётган собиқ канцлерни кескин танқид қилган эди.

77 ёшли олмон сиёсатчисининг ўзи Путинга яқинлиги сабаб янграётган танқидларга жавобан Россия етакчиси билан дўстона муносабатдан воз кечмаслигини билдирган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг