Қирғизистон ТИВ чегарадаги вазият сабаб Тожикистонга норозилик нотасини топширди
![Қирғизистон ТИВ чегарадаги вазият сабаб Тожикистонга норозилик нотасини топширди](https://xabar.uz/static/crop/8/4/920__95_842792833.jpg)
Қирғизистон ТИВ Тожикистонга чегарадаги қуролли можаро юзасидан норозилик нотасини топширди. Бу ҳақда Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 16 сентябрда ахборот тарқатди.
Қайд этилишича, норозилик нотаси «тожик томонининг ноқонуний ва бузғунчи ҳаракатлари юзасидан» топширилган.
«Қирғизистон томони 2022 йил 16 сентябрда Тожикистон томони илгари эришилган барча келишувларни бузган ҳолда, Қирғизистон чегарасига қўшинларини олдиндан олиб чиқиб, қуролли кучлар, оғир ҳарбий техникадан фойдаланган ҳолда Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Боткен ва Лейлек туманларидаги қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегара ва фуқаролик объектларига ҳужум қилганини қайд этди.
Қирғизистон томони эришилган барча келишувларга қатъий риоя қилишни, ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий қўшинларни олиб чиқишни, шунингдек, чегара ҳудудларида вазиятнинг кескинлашувига олиб келадиган вазият яратмасликни талаб қилади ва яна бир бор таъкидлайди. Чегарани фақат сиёсий ва дипломатик воситалар билан ҳал қилиш керак», – дейилади қирғиз томонининг норозилик нотасида.
Сўнгги маълумотларга кўра, тожик ҳарбийлари Боткен тумани Оқсой қишлоғидаги мактабларнинг бирига ўз байроқларини қадаган.
Бир муддат аввал эса айни пайтда Самарқандда бўлиб турган Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг қисқа муддатга ШҲТ йиғилиши бўлиб ўтаётган зални тарк этгани хабар қилинган эди.
Шунингдек, Жогорку Кенеш спикери Талант Мамитов чегарадаги вазият сабаб парламент биноси олдига тўпланган фуқаролар олдига чиқиб, президент Садир Жапаров бугун кечқурун қирғиз-тожик чегарасидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказишини айтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter