Қозоғистонда хавотир уйғотган ҳодиса: Назарбоев нега Путин билан учрашди?
Россия президенти Владимир Путин Кремлда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевни қабул қилди. 27 декабрь куни бўлиб ўтган учрашув ҳақида Кремль матбуот хизмати қисқа ахборот бериш билан чекланди.
Кремль тарқатган фотосуратда Путин ва Назарбоев оқ гуллар билан безатилган тўгарак столда ўтирганини кўриш мумкин. Икки сиёсатчи учрашувда нималарни муҳокама қилгани расмий билдиргида очиқланмаган.
Путин жорий йил май ойида ҳам Назарбоевни Кремлда қабул қилган ва ўшанда ТАСС, яъни Россия давлат ахборот агентлиги бу тарзда бир пиёла чой устида учрашув улкан ишонч ва ўзаро муносабатларнинг аъло даражада экани белгиси экани ҳақида ёзган эди.
Путин Назарбоев билан мунтазам равишда учрашиб туради. Жумладан, 2023 ва 2024 йилнинг декабрь ойларида ҳам икки сиёсатчи дастурхон атрофида суҳбатлашган эди.
1991-2019 йилларда Қозоғистонга раҳбарлик қилган Нурсултон Назарбоев 2022 йил январь ойида рўй берган қонли оммавий намойишлар ортидан Элбоши унвонидан ва қатор имтиёзлардан маҳрум этилган эди. Намойишлар борасида Назарбоевга расмий айблов илгари сурилмаган бўлса-да, жамоатчиликда унга нисбатан кескин эътирозлар пайдо бўлгани маълум.
Назарбоевнинг Москвада Путин билан тез-тез дийдорлашиб туриши Қозоғистонда нохуш қабул қилинади. Қозоғистон матбуоти ёзишича, бир неча кун аввалги учрашув ҳам мамлакатда хавотир ва ташвиш уйғотган. Айни чоқда Назарбоев Кремлда Путин билан нималарни муҳокама қилгани борасида турли фараз ва тахминлар илгари сурилмоқда.
“Тахминлардан бирига кўра, собиқ раҳбар Путин билан 2029 йилда (Қозоғистонда) ҳокимиятнинг эҳтимолий транзитини муҳокама қилган ва (Путиндан) тўнғич қизини қўллаб-қувватлаш борасида ваъда олишга уринган. Дариғa Нурсултоновна ватанида у қадар обрў-эътиборли эмас, аммо Москвада у чуқур илдизларга эга. Айниқса, Назарбоев клани вакиллари Россия пойтахтида туп қўйиб палак ёзганига анча вақт бўлди”, – дейилади Қозоғистоннинг “Улус медиа” нашри шарҳида.
Қайд этилишича, 85 ёшли Назарбоевнинг ушбу уринишлари Қозоғистон элитаси ўртасида зиддиятни юзага келтириши ва бунинг ортидан амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Конституцияга ўзгартириш киритишга оид референдумга қадар ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун чоралар кўришга мажбур бўлиши мумкин.
Қозоғистон парламенти депутати Ермурат Бапи Н.Назарбоев хориждан дастак қидираётганини собиқ президент учун фожиа деб атаган.
“Мен ўз мамлакати, ўз халқидан дастак ола билмаган бу одамга раҳмим келади. Эндиликда (Назарбоев) хориждан мадад истаб юрибди. Бу собиқ президент учун фожиадир”, – деган у.
Депутат Ермурат Бапи давлат сиридан воқиф бўлган собиқ амалдорлар, жумладан, биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг хориж чиқишини қонун йўли билан чеклашни ҳам таклиф қилган.
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Суҳроб Бўронов фикрича, Москвадаги учрашув Кремлнинг минтақадаги ҳодисалар тадрижидан жиддий ташвишга тушганидан далолат беради.
“Айнан бундан 4 йил олдин ушбу санада (28 декабрь назарда тутилмоқда – таҳр.) МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтган ва унда Назарбоев (гарчи Қозоғистон президенти ёки МДҲ фахрий раиси бўлмаса-да) қатнашган эди. Айнан шу саммитнинг алоҳида хоналарида Қозоғистондаги қўш ҳокимият масаласи “ҳал қилинган” ва январь ойи бошидан Қозоғистонда норозиликлар бошланиб, сиёсий тус олган, ҳаттоки унга КХШТ (аниқроғи, Россия) аралашган эди. В.Путин Н.Назарбоев билан учрашиш орқали Қ.Тўқаев томонидан олиб борилаётган кўп векторли ташқи сиёсат ва ички ҳокимият масаласига ишора бермоқчидек гўё.
Н.Назарбоев орадан бироз вақт ўтиб Ўзбекистон етакчиси билан ҳам телефон орқали гаплашгани бежиз бўлмаса керак. Россия билан муносабатлари совуқлашган Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига расман қўшилиши, шунингдек, Дональд Трампнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчиларини G20 саммитига таклиф этиши Кремлни жиддий ташвишга солаётгани сезилиб қолмоқда.
Умуман, янги ўйинда эски ижрочи ролини бажараётган Н.Назарбоев воситачилиги Россиянинг минтақага йўллаган геосиёсий сигнали сифатида баҳоланиши мумкин. Айниқса, минтақанинг глобал сиёсатдаги аҳамияти тобора ортиб бораётган бир шароитда Россия яна ўша эски таъсир усулларига эътиборини қаратмоқда”, – деб ёзади С.Бўронов.
Россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов ҳам Путин ва Назарбоев учрашувини Кремлнинг геосиёсий хавотирлари билан боғлиқ ҳолда изоҳлаган.
“Айни вақтда ташқи дунёда айнан (Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қосим-Жўмарт) Тўқаев ўрта даражадаги державанинг етакчиси сифатида тан олинмоқда. У Ўзбекистон билан биргаликда дунёнинг куч марказларидан олисроқда бўлган Марказий Осиёда янги геосиёсий тузилмани шакллантирмоқда. Кремлга ёқадими ёки йўқ, айнан Остона ва Тошкент (АҚШ президенти Дональд) Трампдан 2026 йил Майамида бўлиб ўтадиган “Катта йигирмалик” саммитида қатнашиш учун таклиф олди. Табиийки, Тўқаев ва (Ўзбекистон президенти Шавкат) Мирзиёев саммит мезбонлари, америкаликларнинг меҳмони сифатида қатнашади. Аммо “Катта йигирмалик” аъзоси бўлган, лекин Ғарб санкцияларига мустаҳиқ этилган Путиннинг бундай таклифномага муяссар бўлишини тасаввур этиш қийин”, – деб ҳисоблайди А.Дубнов.
“Strategic Focus: Central Asia” канали эса Назарбоевнинг яна катта сиёсатга қайтиши эҳтимолидан баҳс этган.
“Ҳозир Н.Назарбоев атрофида сайловлар бўйича 2 та вариант муҳокама қилинмоқда. Ҳар иккала ҳолатда ҳам Москванинг аралашмаслиги ва бетараф бўлиши жуда муҳим ҳисобланади.
Биринчи сценарий – Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоевани президентликка номзод сифатида илгари суриш. Бу вариантни Қозоғистондаги айрим сиёсий ва бизнес доиралари қўллаб-қувватлаши мумкин.
Иккинчи сценарий эса ноодатийроқ: Н.Назарбоевнинг ўзи яна сиёсатга қайтиши. Бу ғоя 2018 йилда (Малайзияда) 92 ёшида ҳокимиятга қайтган Маҳатҳир Муҳаммад мисолига ўхшатилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Назарбоевнинг Москвага боришидан асосий мақсад – келажакдаги сайловлар олдидан Россия билан позицияларни келишиб олиш, ҳеч бўлмаганда Кремлнинг бетарафлигини таъминлашдир. Бу ташриф ташқи сиёсатдан кўра кўпроқ Қозоғистон келажаги билан боғлиқ ички ҳисоб-китоблар билан боғлиқ”, – деб хулоса қилади “Strategic Focus: Central Asia” канали.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter