Reuters: Эрондаги мактабга берилган зарба ортида АҚШ бўлиши мумкин
Эроннинг Минаб шаҳридаги қизлар мактабига берилган зарбани эҳтимол АҚШ ҳарбийлари амалга оширган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Reuters икки нафар америкалик амалдорга таяниб хабар берди.
Манбаларнинг айтишича, бу терговнинг дастлабки хулосаси бўлиб, ҳали текширув якунланмаган. Кейинчалик янги маълумотлар пайдо бўлиб, мактабга қилинган ҳужум ортида бошқа томон ҳам бўлиши мумкин.
Амалдорлар ҳужум қайси далилларга асосланиб АҚШ ҳарбийлари билан боғланаётгани, қандай ўқ-дори ишлатилгани ва нега зарба мактабга берилгани ҳақида маълумот бермаган.
Аввалроқ The New York Times ҳам бу ҳужумда АҚШ иштирок этган бўлиши мумкинлигини ёзган эди. Нашр маълумотига кўра, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари нишон сифатида Ислом инқилоби посбонлари корпуси базасини мўлжаллаган, аммо зарба хатолик билан мактабга тушган бўлиши мумкин.
Ҳозирча АҚШ Мудофаа вазирлиги расман фақат ҳодиса бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилган.
Эрон расмийларига кўра, 28 феврал куни Минабдаги қизлар мактабига берилган ракета зарбаси натижасида 165 киши ҳалок бўлган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter