Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россиянинг машҳур телеканали айғоқчиликда айбланди

Россиянинг машҳур телеканали айғоқчиликда айбланди

Фото: Reuters

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россия давлат оммавий ахборот воситалари, хусусан, «Россия сегодня» медиа гуруҳига мансуб RT телеканалини пропаганда, дезинформация ва жосусликда айблади.

Кремль назоратидаги мазкур ОАВнинг сохта маълумотлар тарқатиш, ахборий хуружларда айбланиши янгилик эмас. Аммо АҚШ юқори мартабали мулозими бу гал RT телеканалини Россия давлат разведка тизимининг бир қисми дея баҳолаган.

«RT ходимларидан олинган янги маълумотларга қараганда, киберимкониятларга эга RT яширин ахборий амалиётлар, таъсир ўтказишга қаратилган операциялар ва ҳарбий олди-сотдиларга сафарбар этилган», – дейди Қўшма Штатлар давлат котиби.

Қайд этилишича, катта ресурсларга эга RT нафақат АҚШ, шунингдек, Молдова, Германия ва Африка минтақаси давлатларидаги ички сиёсий жараёнларга аралашмоқда.

Шунга кўра Вашингтон бошқа давлатларга RT телеканалини Россия разведкасининг бир қисми деб қабул қилишни маслаҳат берган.

Буюк Британия АҚШнинг бу борадаги позициясини қўллаб-қувватлаган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова давлат медиасига қарши илгари сурилган айбловларни рад этган.

Аввал хабар берганимиздек, сентябрь ойи бошида АҚШ молия вазирлиги «Россия сегодня» медиа гуруҳи ва унинг «Новости», RT, Ruptly, Sputnik каби шўъба корхоналарига нисбатан санкция жорий қилди.

«Россия сегодня» бош муҳаррири Маргарита Симоньян, унинг ўринбосарлари Елизавета Бродская, Андрей Кияшко ва Антон Анисимов ҳам «қора рўйхат»га киритилди.

Вашингтон фикрича, Кремль ўз медиа лойиҳалари орқали АҚШдаги жорий президентлик сайловига таъсир кўрсатишга, хусусан, америкаликларнинг сайлов жараёнига ишончини сўндиришга уринмоқда.

Оқ уй расмий вакили Жон Кирби «Россия сегодня» медиа гуруҳи президент Владимир Путин изни билан шундай фаолият олиб бормоқда деб ҳисоблайди.

RT бренди остида фаолият юритувчи ОАВ фаолияти Россия давлат бюджетидан молиялаштирилади. Инглиз, испан, немис, француз, араб  ва рус тилларида ахборот тақдим этиб келаётган RT Кремль пропаганда қуроли экани айтилади. Россиянинг Украинага босқини ортидан аксар Ғарб давлатлари ҳудудида RT дастурларини намойиш этиш тақиқланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг