Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шимолий Корея раҳбарининг ажабтовур тақиқи сабаби очиқланди

Шимолий Корея раҳбарининг ажабтовур тақиқи сабаби очиқланди

Фото: ТАСС

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакат аҳолисига ит боқишни тақиқлагани хабар қилинганди. Расмий Пхеньянга кўра, хонадонда ит сақлаш буржуазия ва капитализм сарқити  саналади. Эндиликда ит боққан фуқаролар жазоланади.  

Аммо хориж матбуоти ит боқиш тақиқланиши ортидаги асл сабаб мамлакатдаги озиқ-овқат тақчиллиги эканини айтмоқда. Қайд этилишича, сўнгги йилларда Жанубий Кореяда ит гўшти истеъмоли камайган бўлса, Шимолий Кореяда аксинча – ушбу жонивор гўштига талаб ошган.

БМТ маълумотларига кўра, Шимолий Корея аҳолисининг қарийб 60 фоизи озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекмоқда. Халқаро санкциялар ҳамда коронавирус пандемияси сабаб чегараларнинг ёпилиши қашшоқ аҳолини янада оғир аҳволга солиб қўйди. Ким Чен Ин эса ташқи дунёдан ёрдам олинмаслиги, мамлакат озиқ-овқат тақчиллигига қарши мустақил курашишини билдирган. 

Хабарларга кўра, тақиқ эълон қилиниши билан уйда боқилаётган итлар эгаларидан тортиб олинмоқда ва зоопарк ёки ресторанларга етказилмоқда.

Дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири саналган Шимолий Кореянинг коммунист раҳбарияти турли чеклов ва тақиқларни жорий этган. Мамлакатда интернет ва Wi-Fi’дан фойдаланиш имкони мавжуд эмас. Аҳоли Шимолий Кореянинг ички компьютер тармоғидан фойдаланиши мумкин. Ички тармоқ эса «мафкуравий тоза» сайтлардан иборат. Маҳаллий аҳолининг хорижга қўнғироқ қилиши ҳамда чет элликлар билан суҳбатлашиши ҳам ман этилган. Капиталистик дунё маҳсулоти бўлган Соса сola ичимлиги савдоси ҳам тақиқланган. Коммунистик партия фуқароларнинг соч турмаги қандай бўлишини-да белгилаб берган. Ортиқча эътибор тортувчи турмак ман этилади. Мамлакат эркаклари сочини «доҳий» Ким Чен Ин каби кузаб юришга одатланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг