Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Тинчлик ғалаба қозониши шарт» — БМТ Бош котиби жаҳон етакчиларига мурожаат билан чиқди

«Тинчлик ғалаба қозониши шарт» — БМТ Бош котиби жаҳон етакчиларига мурожаат билан чиқди

2026 йилнинг кириб келиши арафасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Янги йил мурожаати билан чиқиб, жаҳон етакчиларини ҳарбий харажатларни ошириш эмас, балки тараққиёт ва тинчликни устувор йўналиш сифатида белгилашга чақирди.

БМТ раҳбарига кўра, инсоният бугун «чорраҳада» турибди: дунёда беқарорлик ва ноаниқлик ҳукм сурмоқда, одамлар эса ўз етакчилари уларни эшитяптими ва амалий ҳаракат қилишга тайёрми, деган саволни бермоқда. Гутерриш таъкидлаганидек, сайёра аҳолисининг тўртдан бир қисми можаролар ҳукмрон ҳудудларда яшамоқда, 200 миллиондан ортиқ инсон гуманитар ёрдамга муҳтож, қарийб 120 миллион киши эса урушлар, инқирозлар, табиий офатлар ёки таъқиблар сабаб ўз уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган.

Бу мураккаб вазият фонида глобал ҳарбий харажатларнинг кескин ўсиши, айниқса, хавотир уйғотмоқда. Ҳарбий харажатлар 2,7 триллион долларга етиб, бир йил ичида қарийб 10 фоизга ошган. Агар ҳозирги тенденциялар сақланиб қолса, 2035 йилга бориб дунёдаги ҳарбий харажатлар миқдори 6,6 триллион долларгача етиши мумкин.

Таққослаш учун: ҳозирги 2,7 триллион долларлик ҳарбий сарф-харажатлар халқаро ривожланиш ёрдамининг умумий ҳажмидан 13 баробар кўп бўлиб, бутун Африка қитъасининг ялпи ички маҳсулотига тенг келади.

«Янги йилда, келинг, устувор мақсадларни тўғри белгилашга қарор қилайлик. Хавфсизроқ дунё қуриш учун қашшоқликка қарши курашга кўпроқ, урушларга эса камроқ маблағ сарфлаш керак. Тинчлик ғалаба қозониши шарт», — деди Антониу Гутерриш.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги ҳарбий харажатларнинг 4 фоизидан камроғи 2030 йилгача очликка барҳам бериш учун етарли; 10 фоиздан бир оз ортиғи барча болаларни тўлиқ эмлаш имконини беради; 5 триллион доллар эса даромади паст ва ўрта бўлган мамлакатлардаги ҳар бир болага 12 йиллик сифатли таълимни таъминлаши мумкин.

Шунингдек, ҳарбий бюджетнинг атиги 15 фоизини қайта йўналтириш орқали ривожланаётган давлатларнинг иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича йиллик эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш имкони бор.

«Келинг, оғриқ ва вайронагарчиликни эмас, инсонлар ва сайёра келажагини танлайлик. Янги йилда адолат, инсоният ва тинчлик йўлида саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирайлик», — деган мурожаати сўнгида Антониу Гутерриш.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг