Twitter маъмурияти президент Трампнинг ўғлини блоклади
![Twitter маъмурияти президент Трампнинг ўғлини блоклади](https://xabar.uz/static/crop/3/6/920__95_3686994009.jpg)
Twitter микроблоги маъмурияти АҚШ президенти Дональд Трампнинг ўғли – кичик Дональд Трампнинг саҳифасини блоклади. Мазкур тақиқ 12 соат давомида амал қилган. Оқ уй етакчисининг ўғли нотўғри ахборот тарқатишда айбланган.
5 миллиондан зиёд обуначига эга кичик Дональд Трамп ўз саҳифасида коронавирусни гидроксихлорохин препарати ёрдамида даволаш cамарадорлиги хусусида видеолавҳа эълон қилган. Президентнинг ўзи ҳам гидроксихлорохин коронавирус юқтирган беморларни даволашда самарали деб ҳисоблайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса тадқиқотларга таяниб, COVID-19 га чалинган беморларни даволашда гидроксихлорохин воситасидан антибиотиклар билан биргаликда фойдаланиш ўлим хавфини оширади деган хулосага келган.
Кичик Дональд Трамп видео аслида бошқа мазмунда экани, аммо отаси билан ўчакишиб қолган Twitter маъмурияти атайин унинг саҳифасини блоклаганини айтган.
Президент Трампнинг матбуот котиби Twitter маъмуриятининг мазкур қарорини сўз эркинлигини поймол этиш ҳамда республикачилар партиясининг сайловолди нуфузига зарба бериш дея баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, Twitter маъмурияти ҳамда президент Дональд Трамп ўртасидаги ихтилоф бир неча ойдан буён давом этиб келади.
Аввалроқ АҚШ раҳбари Twitter тармоғидаги расмий саҳифасида Калифорния штатида почта орқали овоз бериш жараёнида алдовга қўл урилгани ҳақида ёзув қолдирган. Ижтимоий тармоқ президентнинг қайдларини «ишончсиз ахборот» деб баҳолаган.
Twitter маъмурияти, шунингдек, Д.Трамп томонидан Миннеаполисдаги норозилик намойишлари юзасидан берилган баёнотга (Оқ уй раҳбари мародёрлик қилганлар ўққа тутилиши мумкинлигига ишора қилган) зўравонликни оқлаш дея эътироз билдирган. Оқ уй етакчиси эса одатдагидек микроблог маъмуриятини сўз эркинлигини бўғишда айблаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter