Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Украина бўйича уч томонлама музокаралар келаси ҳафта давом эттирилади

Украина бўйича уч томонлама музокаралар келаси ҳафта давом эттирилади

АҚШ, Украина ва Россия ўртасида 23–24 январь кунлари Абу-Дабида бўлиб ўтган уч томонлама музокаралар келаси ҳафта шу ернинг ўзида қайта давом эттирилади. Бу ҳақда 24 январь куни Axios нашри мухбири Барак Равид манбага таяниб хабар берди

Манбанинг маълум қилишича, музокараларнинг навбатдаги босқичи якшанба куни, 1 февраль санасида ўтказилиши режалаштирилган.

АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф томонлар келаси ҳафта мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Абу-Дабида бўлиб ўтган музокаралар «жуда конструктив» руҳда ўтган

Axios манбаларининг ёзишича, музокаралар давомида барча асосий баҳсли масалалар муҳокама қилинган. Жумладан, Донбасс масаласи, Запорожье атом электр станциясини бошқариш ҳамда ҳар икки томондан кескинликни пасайтириш учун зарур қадамлар муҳокама этилган.

«Барча масалалар муҳокама қилинди. Ҳеч бир томон баҳсдан четлатилмади», – дея қайд этган нашр суҳбатдоши. Манбалардан бирига кўра, томонлар Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленский ўртасида тўғридан-тўғри учрашув ўтказишга «жуда яқин».

Унинг қўшимча қилишича, агар навбатдаги уч томонлама музокараларда янада катта илгарилашга эришилса, бу Москва ёки Киевда юқори даражадаги учрашув ўтказилишига олиб келиши мумкин.

Axios’га кўра, музокараларнинг иккинчи куни якунлангач, учала делегация вакиллари бирга тушлик қилишган.

«Маълум бир пайтда ҳамма деярли дўстлардек кўринди. Менда умид ҳисси пайдо бўлди», – дея америкалик амалдор сўзларини келтиради нашр.

Икки кунлик музокаралар якунлари бўйича Украина расмийлари уларни «ижобий», президент Владимир Зеленский эса «конструктив» деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, учрашувда урушни якунлаш параметрлари муҳокама қилинган. Россия томони эса музокаралар натижалари юзасидан ҳозирча расмий баёнот бермаган.

Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Абу-Дабидаги музокаралар давомида Россия ва Украина делегациялари ўзаро тўғридан-тўғри алоқа қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг