Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Умра» зиёратига боришга вақтинчалик чеклов эълон қилинди

«Умра» зиёратига боришга вақтинчалик чеклов эълон қилинди

Саудия Арабистони 2026 йилги Ҳаж мавсуми олдидан Умра зиёратига оид муҳим чеклов ва муддатларни расман эълон қилди. Янги тартибларга кўра, Умра амалларини бажариш учун сўнгги сана – 2026 йил 18 апрель этиб белгиланган.

Ҳар йили Макка ва Мадина шаҳарларига миллионлаб зиёратчилар ташриф буюради. Аммо Ҳаж мавсуми яқинлашган сари Саудия ҳукумати муқаддас шаҳарларни катта ҳажмдаги зиёратчиларни қабул қилишга тайёрлаш мақсадида Умра визаларини вақтинча тўхтатади.

Расмий маълумотларга кўра, Умра визасига ариза беришнинг сўнгги куни – жорий йил 19 март, Саудия Арабистонига киришнинг сўнгги куни – 2 апрель,  мамлакатни тарк этишнинг сўнгги куни эса – 18 апрель этиб белгиланган.

Белгиланган муддатлар ўзгартирилмайди. Зиёратчилар Умра амалларини ўз вақтида якунлаб, Ҳарам ҳудудини тарк этишлари шарт.

Мутахассислар таъкидлашича, Умра зиёратининг тўхтатилиши логистика ва хавфсизлик нуқтаи назаридан зарур. Ҳаж пайтида икки миллиондан ортиқ зиёратчи келиши кутилмоқда. Шу боис хавфсизлик чоралари кучайтирилади, тиббий хизматлар кенгайтирилади ҳамда меҳмонхоналар ва транспорт тизими Ҳаж зиёратчилари учун қайта ташкил этилади.

Бу тартиб муқаддас масжидларда ортиқча тирбандликнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Чекловлар Ҳаж олдидан Умра режалаштирган зиёратчилар, халқаро саёҳат агентликлари, Макка ва Мадинадаги меҳмонхона ва транспорт соҳаси вакиллари ҳамда маҳаллий фуқаролар ва хорижий резидентларга таъсир кўрсатади.

Маълумотларга кўра, Ҳаж мавсуми якунлангач, тахминан 2026 йил 11 июнь атрофида Умра қайта йўлга қўйилиши кутилмоқда. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг