Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Крокус Сити Холл»даги теракт бўйича судланувчиларга умрбод қамоқ жазоси сўралди

«Крокус Сити Холл»даги теракт бўйича судланувчиларга умрбод қамоқ жазоси сўралди

Фото: Asia-Plus

Прокурор «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт ижрочиларини алоҳида тартибдаги колонияда умрбод озодликдан маҳрум этишни сўради. Бу ҳақда РБК нашри жабрланувчилар адвокатига таяниб хабар берди.

Тожикистон фуқаролари Шамсиддин Фаридуний, Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов ва Саидакроми Ражабализода Жиноят кодексининг бир нечта моддалари, жумладан теракт содир этиш бўйича айбланмоқда.

Давлат айбловчиси, шунингдек, терговчилар ижрочиларга ёрдам берган деб ҳисобланаётган 11 нафар шахсга ҳам умрбод қамоқ жазоси тайинлашни сўради. Яна тўрт нафар айбланувчи учун эса 19 йил 11 ойдан 22 йил 10 ойгача озодликдан маҳрум этиш жазоси талаб қилинди.

Эслатиб ўтамиз, «Крокус Сити Холл» концерт залидаги теракт 2024 йил 22 март куни «Пикник» гуруҳи концерти бошланишидан бир неча дақиқа олдин содир бўлган.

Қуролланган тўрт нафар жангари бинога бостириб кириб, томошабинларга ўқ узган, сўнгра эса ёнғин чиқарган. Олов қисқа вақт ичида зал бўйлаб тарқалган, ёнғин майдони 13 минг квадрат метрдан ошган. Ёнғинни тўлиқ бартараф этишга бир кун вақт кетган. 

Россия манбаларига кўра, теракт оқибатида 149 киши ҳалок бўлган, қарийб 600 киши турли даражада жароҳат олган.

Тергов версиясига кўра, «Крокус Сити Холл»га ҳужум ИШИД таркибига кирувчи «Вилояти Хуросон»  гуруҳи томонидан ташкил этилган. Тергов қўмитаси терактни ташкил этишда Украина махсус хизматлари алоқадор бўлганини билдирган. Украина ҳукумати эса бунга алоқадор эмаслигини маълум қилган.

Мазкур ҳодисадан сўнг Россияда мигрантларга нисбатан босим кучайгани ва рейдлар сони ошгани хабар қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг