Халқаро ташкилот Иcроилни апартеидда айблади

Amnesty International ташкилоти Фаластин халқининг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётгани хусусида ҳисобот эълон қилди. 280 саҳифали ҳужжат ташкилот бош котиби Аньес Калламар томонидан ишғол остидаги Шарқий Қуддусда тақдим этилди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўз ҳисоботида Исроилни фаластинликларга нисбатан апартеид сиёсати юритишда айблаган.
«Апартеид» истилоҳи бир ирқ вакилларининг бошқа ирқ вакиллари ҳақ-ҳуқуқларини мунтазам равишда бузиши, таҳқирлашини англатади. Бундай амалиёт халқаро ҳуқуққа зид бўлиб, инсониятга қарши жиноят ўлароқ баҳоланади.
Ҳисоботда қайд этилишича, Исроил сиёсати Фаластин аҳолиси устидан ҳукмфармолик қилиш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузишга асосланган.
Ғазода ҳамда босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда фаластинликларга паст ирқ вакили ўлароқ муносабат қилинмоқда, деб ҳисоблайди Amnesty International. Уларнинг мол-мулки тортиб олиниб, аҳоли изоляция муҳитида сақланмоқда. Халқаро ташкилот айирмачилик сиёсати изчил ва узоқ муддатли экани ва бу қабул қилиб бўлмас ҳолат эканини таъкидлаган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Халқаро жиноий судни зудлик билан мазкур инсониятга қарши жиноят ва апартеид сиёсатини тергов қилишга чақирган.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги Amnesty International ҳисоботида илгари сурилган айбловларни кескин рад этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter