Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Конституция: қоғоздаги қонундан ҳаёт қонунигача: давлат ва инсон муносабатлари қандай ўзгарди?

Конституция: қоғоздаги қонундан ҳаёт қонунигача: давлат ва инсон муносабатлари қандай ўзгарди?

Тасаввур қилинг: давлат идорасига кирдингиз. Ҳеч қандай сарсонгарчилик ва қоғозбозликсиз масалангиз ҳал бўлди. Ёки судни олайлик. У ерда кимнинг “курсиси баландлиги” эмас, балки ҳақ эканлиги адолат ўлчови бўлди.

Мана шундай оддий, аммо ҳаётий мисоллар Ўзбекистон Асосий қонунининг асл куч-қудратини намойиш этади. Зеро, у шунчаки қоғозда муҳрланиб қолмай, балки инсон қадри ва унинг кундалик турмушида акс этгандагина ҳақиқий мазмун-моҳият касб этади.

2023 йил 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинди. Асосий қонундаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ҳуқуқий меъёрлар эса 275 тадан 434 тага етди — унинг матни қарийб 65 фоизга кенгайди.

Бироқ Конституциявий янгиланишларнинг туб моҳияти фақатгина рақамларда эмас, балки давлатнинг инсонга қараш фалсафаси ўзгарганида намоён бўлади. Янги таҳрирдаги Конституция давлат аввало инсон учун, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қиммати ҳамда манфаатларини таъминлаш учун хизмат қилиши шартлигини қатъий белгилаб берди.

Давлат бошқарувида янги тамойил

Илгари давлат кўпроқ бошқарувчи ва назорат қилувчи куч сифатида қараларди. Янги таҳрирга кўра эса, давлат аввало инсонга хизмат қилиши, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаши лозим.

Бундай ёндашув давлат бошқарувида юзаки шаклдан чин мазмунга ўтилганини англатади. Эндиликда фуқаро мамлакат тараққиётининг тўлақонли иштирокчиси ва жамият ривожининг асосий таянчи сифатида эътироф этилмоқда.

Шу сабабли ҳокимият идоралари фаолиятини баҳолаш мезонлари ҳам тубдан ўзгарди. Бундан буён ижро ҳокимияти ишига қарорлар ёки ҳисоботлар сонига қараб эмас, балки:

  • қарорларнинг инсонга келтираётган амалий нафига;
  • давлат хизматларининг сифати ва қулайлигига;
  • расмий рақамларга эмас, фуқаролар ҳаётидаги ҳақиқий ижобий ўзгаришларга қараб баҳо берилади.

«Инсон қадри» тушунчасининг амалий ифодаси

Сўнгги йилларда «инсон қадри» ибораси тез-тез тилга олинмоқда. Янги Конституция бу тушунчани чақириқ даражасидан давлат фаолиятига баҳо берадиган муҳим кўрсаткичга айлантирди. Эндиликда ҳар бир қонун ва ислоҳот самарадорлиги оддий ҳаётий саволлар орқали ўлчанади:

Бу қарор одамларнинг ҳаётини енгиллаштирдими?

Янги қонун фуқароларга ҳақиқатан ҳам манфаат келтирдими?

Давлат хизматлари тезроқ, қулайроқ ва сифатлироқ бўлдими?

Агар ушбу сўровларга бериладиган жавоб ижобий бўлса, демак, қабул қилинган қонун ўз мақсадига эришган бўлади — Конституция амалда ишламоқда.

Қонун ҳаётда қандай акс этади?

Конституция шунчаки жавонда сақланадиган китоб эмас. У қоғозда эмас, инсон ҳаётида акс этиши шарт.

Давлат идораларида одамларнинг муаммолари сарсонгарчилик ва қоғозбозликсиз ҳал бўлса, судда қарор кимнингдир лавозими ёки мансабига қараб эмас, балки қонун ва адолатга таяниб чиқарилса, мактабда боланинг, шифохонада беморнинг ҳуқуқи ҳимояланса ҳамда тадбиркор ўз фаолиятини сунъий тўсиқларсиз юрита олса — Конституция ҳаётга татбиқ этилган бўлади. 

1992 йилда қабул қилинган Конституция мустақил Ўзбекистон давлатчилигининг ҳуқуқий пойдеворини яратди. Таъбир жоиз бўлса, янги таҳрир ана шу пойдевор устида давлат бошқарувининг янги босқичини бошлаб берди.

Конституция қабул қилинган кун — мамлакатимизда байрам. Бироқ унинг ҳақиқий қадри тантанали тадбирларда эмас, оддий иш кунларида акс этиши лозим. Давлатнинг қудрати ҳам қабул қилинган қонунлар ёки тайёрланган ҳисоботлар билан эмас, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи, ҳуқуқлари қай даражада таъминланаётгани ва ҳаёти қанчалик яхшиланаётгани билан ўлчанади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, янги таҳрирдаги Конституция давлатга масъулият юклаш билан бирга, жамиятда янги ҳуқуқий маданият шаклланишини ҳам талаб этади. Қонуннинг ҳаётда ишлаши фақатгина ижро ҳокимиятининг ҳаракатларига эмас, балки фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини англаши ва уларни талаб қила олишига ҳам боғлиқ. Шартнома икки томонлама кучга эга бўлганидек, Асосий қонун ҳам давлат ва фуқаро ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда масъулият уйғунлашган муҳитдагина жамиятнинг чинакам ҳимоячисига айланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг