Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сув хўжалигида 2030 йилгача қандай стратегик қадамлар қўйилади?

Сув хўжалигида 2030 йилгача қандай стратегик қадамлар қўйилади?

Ҳозирги глобал иқлим ўзгаришлари даврида сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда нафақат замонавий инфратузилма, балки соҳанинг билимдон мутахассислари ва илмий асосланган узоқ муддатли стратегиялар ҳал қилувчи рол ўйнайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони айнан шу стратегик вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани билан беқиёс аҳамиятга эга.

Соҳадаги кадрлар салоҳиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида таълим жараёнларини замон талабларига мослаштириш бошлаб юборилди. Бу борада қуйидаги муҳим қадамлар белгиланган:

Биринчидан, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб "ТИҚХММИ" миллий тадқиқот университети негизида назария ва амалиётни узвий боғлайдиган махсус дуал таълим шаклидаги факультет ўз фаолиятини бошлайди. Бу олий таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга кўтаради.

Иккинчидан, республиканинг ҳар бир ҳудудидаги биттадан техникумда ичимлик ва оқова сув йўналиши бўйича дуал таълим тизими жорий этилиб, жойлардаги амалий кўникмага эга кадрларга бўлган эҳтиёж тўлиқ қондирилади.

Қабул қилинган ҳужжат фақат жорий муаммоларни ҳал қилиш билан чекланиб қолмай, келажакни олдиндан кўрувчи узоқ муддатли режаларни ҳам ўз ичига олади. 2026 йил якунига қадар иқлим ўзгаришига барқарор инфратузилмани ривожлантириш ҳамда соҳага илғор технологик ечимларни кенг жорий этишни назарда тутувчи махсус Стратегия ишлаб чиқилади.

Бу стратегик ҳужжат сув иншоотларининг аварияларсиз, юқори самарадорлик ва сифат билан ишлашини кафолатлайди. Соҳага замонавий билимга эга, амалиётни пухта эгаллаган ёш мутахассисларнинг кириб келиши эса эртанги кун барқарорлигининг тамал тошидир. 2030 йилгача мўлжалланган стратегиянинг изчил амалга оширилиши иқлим ўзгариши шароитида аҳолини кафолатли тоза сув билан таъминлаш, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда бебаҳо табиий ресурсни келажак авлодларга бекаму кўст етказиб беришда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг