Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш давлатга 825 млрд сўмдан ошиқ зарар келтирди

Электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш давлатга 825 млрд сўмдан ошиқ зарар келтирди

Фото: Xabar.uz

2026 йилнинг 9 ойи давомида ўтказилган назорат тадбирлари давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва қоидаларни бузиш билан боғлиқ 2795 та ҳолат аниқланди.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (Ўзэнергоинспекция) хабар берди.

Ноқонуний равишда 129,1 млн куб метр табиий газ ва 226,4 млн кВт/соат электр энергиясидан фойдаланиш натижасида давлат манфаатларига жами 825,3 млрд сўм зарар етказилган.

Энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузган истеъмолчиларга нисбатан 4196 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Нефт маҳсулотлари сифати устидан назорат тадбирларида автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва корхоналардан олинган намуналарнинг 308 та ҳолатида 7435 тонна нефт маҳсулоти сифатсиз экани аниқланган. Уларнинг сотувга чиқарилиши олди олинган.

Инспекция маълумотларига кўра, жорий йилда 9168 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, тегишли хулосалар берилган. Шунингдек, 5674 та истеъмолчининг электр қурилмалари техник кўрикдан ўтказилган.

Ўзэнергоинспекция тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси ва табиий газ учун ҳисоб-китобларини ҳам ўрганган. Жорий йилда 199 та тадбиркорлик субъектига электр энергияси учун ортиқча ҳисобланган 3,632 млрд сўм ва табиий газ учун ортиқча ҳисобланган 12,084 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган. Инспекция бу орқали истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тикланганини билдирган.

Давлат энергетика реестрига мувофиқ, жорий йилда 371 та корхонада энергия аудити ўтказилиши белгиланган. Корхоналар мурожаатлари таҳлили асосида фаолияти қисқарган ёки тугатилган 58 та корхона аниқланган.

Ҳозиргача 294 та истеъмолчида аудит ишлари бошланган, шулардан 180 тасида аудит тўлиқ якунланган. Мажбурий энергия аудитидан ўтмаган 16 та корхона масъулларига нисбатан маъмурий жазо қўлланилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг