Татьяна Каримова: «Ислом Абдуғаниевич билан тўйимиз дастлаб Самарқандда, кейинроқ Қувасойда бўлиб ўтган»

Ислом Каримов фонди сайтида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова билан суҳбат эълон қилинди. Суҳбатнинг тўлиқ шаклини кейинроқ эътиборингизга ҳавола қиламиз.
— Ислом Абдуғаниевичнинг бутун ҳаёт йўллари Сиз санаган хислатлар ҳақида шаҳодат беради. Нимагаки эришган бўлса, бари ўша хислатлари туфайлидир. Ислом Абдуғаниевичнинг болалиги уруш ва урушдан кейинги оғир дамларга тўғри келди. Кичикликдаёқ пешона тери билан нон топиш нима эканини билди. Урушдан кейин барча машаққатли ҳаёт кечиргани маълум. Унинг ҳам оиласи эҳтиёжманд эди. Самарқанднинг эски шаҳар қисмида яшаган оддий оила. Ислом Абдуғаниевич мактабга чиққан кезлари рус тилини билмас эди, аммо букилмас ирода, қатъият ва собитқадамлик боис мактабни олтин медалга битирди. У киши ёзган иншолар намуна ўлароқ бутун синфга ўқиб берилган экан. Кейинроқ синфдошлари тан олишича, Ислом Абдуғаниевичнинг иншоларидан олий ўқув юртига кириш имтиҳонида «шпаргалка» сифатида фойдаланишган. Шу тариқа оддий оилада вояга етган йигит мактабни муваффақиятли тамомлаб, тақдирига пешвоз чиқмоқ учун сафарга отланди. Ўша кезлар олтин медал ва олам-олам орзулар у кишининг бор-йўқ бисоти эди. Тақдир ҳукми билан киндик қони тўкилган она заминга мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти бўлиб мангуга қайтди.
Синфдошларидан бири Ислом Абдуғаниевичнинг шахсий маслагини ёрқин намоён этувчи, мактаб йилларига доир бир воқеани хотирлаган эди. Ёзги мева йиғим-терими пайти ёши улуғ бир киши болалардан келажакда ким бўлишлари ҳақида сўрайди. Кўпчилик учувчи, токар каби касбларни эгаллаш истагини билдиради. Ислом Абдуғаниевичнинг жавоби эса болаларни ҳам, катталарни ҳам ҳайрон қолдиради: «Мен Амир Темурга ўхшасам дейман!»
Мактаб йиллариданоқ Максим Горкий ҳикояси персонажи — ўз жонидан кечган, юрагини машъала каби ёқиб, халқни қутқариб қолган Данко энг севимли адабий қаҳрамони бўлган. Унинг «Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит!» деган шиори ёш Ислом Абдуғаниевичнинг юрагида муҳрланиб қолган. Бу кейинроқ Президентнинг ҳаётий маслагига айланди, — дейди Татьяна Каримова.
— Сизлар қандай танишгансизлар? Бўлажак турмуш ўртоғингиз қалбингизни қандай забт этган?
— Ислом Абдуғаниевич билан 1970 йили Самарқандда, муҳандислик-технология факультетининг охирги курсида ўқиган кезларим танишганмиз. Биринчи учрашувимиз уларнинг акалари Ибод Ғаниевичнинг уйида бўлган. Ибод Ғаниевичнинг рафиқаси Хайринисо Султоновна менинг холаваччам эди. Мен талабалар ётоқхонасида истиқомат қилар, дарсдан кейин уларникига тез-тез меҳмонга бориб турар эдим. Ибод Ғаниевич оқкўнгил, ақлли ва одамшаванда инсон, боз устига, яхши суҳбатдош ҳам эдилар.
Янги йил эшик қоқиб турган кунларнинг бирида опамникида ўтган навбатдаги меҳмондорчиликдан сўнг эндигина кетишга тараддуд кўриб турганимда бир йигит келиб қолди. Уни менга Ибод Ғаниевичнинг укаси деб таништиришди. Бу Ислом Абдуғаниевич эдилар. Биринчи учрашувимизда деярли гаплашмадик. Ўшанда опам йўлдан келган меҳмон қўлини ювиши учун кўзадан сув қуйиб беришимни сўрадилар. Кейин оила даврасида яна бир неча бор учрашдик.
Кечагидек ёдимда, мартнинг еттинчи куни, айни байрам арафаси эди. Кўкламнинг хуш ифорга тўла илиқ ҳавоси. Шиғалаб ёғиб ўтган ёмғирдан кейин атроф-борлиқ тоза, мусаффо ва гўзал бўлиб кетган. Кўлмакларда осмон парчаси акс этар, кўнгиллар ёришиб, фараҳбахш ҳисларга лиммо-лим тўлган эди. Мен талабалар ётоқхонасида эдим. Иттифоқо мени биров сўраб келганини хабар қилишди. Келган инсон ким эканини тасаввур ҳам қилолмаганим рост. Чиқиб кўрдимки, мени йўқлаб келган одам Ислом Абдуғаниевич экан.
Мени хиёбонда сайр қилишга таклиф этди. Биз илк бор ёлғиз ўзимиз кўришиб, гаплашиб турган эдик. Табиат, об-ҳаво, ўқиш ҳақида суҳбатлашдик. Одатий суҳбат. Лекин сайр асносида Ислом Абдуғаниевич тўхтаб, ҳеч кутилмаганда «Менга турмушга чиқасизми?» деб сўрадилар. Мен учун бу мутлақо кутилмаган ҳол эди. Қандай изоҳлашни ҳам билмайман: ақл вазиятни ҳали тўлиқ англаб, баҳолаб бўлмасдан, қалб ва юрак «ҳа» дея жавоб бериб бўлган эди. Кўнгил шубҳаю гумондан холи кезларда шундай бўлади. Мен бу инсоннинг ички кучи, самимияти, жозибаси, қатъияти ва недир бир оҳанрабосини сезган бўлсам керак… Мен «ҳа» дея жавоб бердим. Бари ана шундай кечган эди. Бор-йўғи бир неча қисқа учрашув…
Ислом Абдуғаниевич апрелда ота-онамдан қўлимни сўрагани Қувасойга борди. Тўйимиз май ойида дастлаб Самарқандда, кейинроқ Қувасойда бўлиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter