Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент Транскаспий транспорт йўлагига оид анжуманга мезбонлик қилади

Тошкент Транскаспий транспорт йўлагига оид анжуманга мезбонлик қилади

Жорий йил 30 сентябр куни Тошкент шаҳрида Миллий Транскаспий транспорт йўлаги II конференцияси бўлиб ўтади.

Европа Иттифоқининг Тошкентдаги делегацияси хабар беришича, анжуманда ҳукумат ва халқаро молия институтлари вакиллари, тараққиёт бўйича ҳамкорлар, транспорт ва логистика соҳасидаги хусусий сектор намояндалари иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Европа Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича бош дирекцияси ҳамраислигида ўтказиладиган конференцияда умумий ўзаро боғлиқлик бўйича устувор йўналишларни аниқ инвестиция имкониятлари ва ислоҳотларга айлантириш масалаларига эътибор қаратилади.

2025 йил ноябр ойида Тошкент Транскаспий транспорт йўлаги ва Ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форумига мезбонлик қилган эди. 2024 йил сентябр ойида эса Транскаспий транспорт йўлаги мувофиқлаштириш платформасининг I миллий семинари ўтказилганди.

Ушбу икки тадбир натижаларига таянган ҳолда, конференцияда Ўзбекистоннинг Транскаспий йўналишидаги ролини кучайтириш ҳамда Марказий Осиё ва Европа ўртасида барқарор транспорт алоқаларини яхшилаш бўйича устувор йўналишлар муҳокама қилинади.

Жумладан, темирйўл ва автомобил йўллари инфратузилмасига инвестициялар киритиш, самарали логистика тармоғини ривожлантириш, транспорт ва савдо ҳужжатларини рақамлаштириш, чегарадан ўтиш тартибини соддалаштириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш каби масалалар муҳокама марказида бўлади.

Конференция Европа Иттифоқининг «Глобал дарвоза» (Global Gateway) стратегияси доирасида молиялаштириладиган Транскаспий транспорт йўлаги мувофиқлаштириш платформасининг бир қисми бўлиб, ушбу платформа Марказий Осиёнинг беш мамлакати, Европа Иттифоқи, халқаро молия институтлари ва халқаро ҳамкорларни бирлаштиради.

Платформани ташкил этишдан кўзланган мақсад Европа ва Осиё ўртасидаги Транскаспий транспорт йўлагини барқарор, хавфсиз ва тезкор робитага айлантиришга қаратилган инвестициялар ва ислоҳотларни мувофиқлаштиришдан иборатдир.

Аввалроқ Европа Иттифоқи ва жаҳон молия институтларининг Транскаспий транспорт коридорини замонавий, мултимодал ва самарали йўналишга айлантириш учун кўп миллиардлик сармоя киритиш режаси маълум қилинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг