Ўзбекистон шахмат олимпиадасида АҚШни мағлуб этди
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида 9-тур учрашувларида Ўзбекистон ғалаба қозонди.
Ўзбекистон эркаклар асосий жамоаси турнир фаворитларидан бири бўлган АҚШ устидан ғалабага эришди.
Дастлаб 4-доскада дона сурган Муҳиддин Мадаминов кучли рақиб Левон Ароян билан дуранг ўйнади (у ўтган турда ютқазиб қўйган Шамсиддин Воҳидов ўрнини эгаллаганди).
Шундан кейин Нодирбек Абдусатторов жаҳон рейтингида учинчи ўринда турувчи Фабиано Куруанани таслим бўлишга мажбур этди.
Аммо Жавоҳир Синдаров яна бир номдор шахматчи Уэсли Со билан ўйинда қийин вазиятга тушиб қолди ва якунда бу вазиятдан чиқиб кета олмади ва умумий ҳисоб тенглашди: 1,5-1,5.
Шундан кейин ўзбекистонлик шахмат ишқибозлар бор эътиборини Нодирбек Ёқуббоевнинг ўйинига қаратишди. Ўтган турда ютқазиб қўйган ушбу шахматчи эса бу сафар ишончни оқлади ва Ҳанс Ниманнга қарши кечган ўта қийин баҳсда ғалабани ўз томонига оғдира олди ва якуний ҳисоб қуйидагича кўриниш олди: 2,5-1,5.
Энди Ўзбекистон асосий жамоаси 9 турдан кейин 16 очко билан турнир жадвалида пешқадамлигини давом эттирмоқда. Аввалги турда Ўзбекистон Германияга мағлуб бўлганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter