«Алфонс»лар қандай пайдо бўлади?
Бугун оилада ажрашишлар кўпайиб кетгани сир бўлмай қолди. Ёшлар никоҳга панжа орасидан қарашмоқда. Қолаверса, бунга катталарнинг аралашуви ҳам сабаб бўляпти. Эр ва хотин бир-биридан қолишмайди. Бири оиладаги бурчини адо этмаса, иккинчиси гап қайтариш, шаддодликда пешқадам, тили бир қарич! Ёш оилалар бўлар-бўлмасга ажрашиб, ота фарзандини ташлаб кетаверса, оқибати нима бўлади? Хонадонда туғилган фарзандлар учун ким жавобгар? Ахир бола қалби бир умр кемтик бўлиб ўсмайдими?
Шу ва шу каби саволларга таниқли шифокор-руҳшунос Бахтинисо Азимбоева жавоб беради.
Ажримларнинг кўпайиши – энг аввало, ички қўрқув, ўзига ишонмаслик туфайлидир. Дангасалик, маънавий қашшоқлик, ўз устида ишламаслик, бетоқатлик, яъни катта мақсадларга тезроқ эришиш, ёшларнинг ҳаётга руҳан ва жисмонан тайёр эмаслиги, шунингдек, оила тарбияси ва жамиятдаги бошқа информациялар ҳам бунга таъсир қилади. Мазкур масалада нафақат оилада, балки атрофдагилар, кўпчилик кучи билан иш олиб борилсагина яхши натижага эришамиз!
Ажралишлар кўпайса, фарзандларимиз руҳий тарбиясига салбий таъсир кўрсатади, албатта. Шунинг учун оила қуриш олдидан ҳар бир йигит-қизга малакали психологик ёндашув керак. Турмуш қуришга шошилмасдан жиддий муносабат билан ўйлаб иш тутиш мақсадга мувофиқдир.
«Қиз топсак бўлди, бир ойда тўй» дейдиган ота-оналарни кўп учратамиз. Ҳали ёшлар бир-бирини тушунмасдан туриб бир ойда тўй қилиб юборишади. Тезроқ келин туширишдан нима наф? Яхшиси, ўртага совуқлик тушмаслигининг олдини олган маъқул эмасми? Худди ўғли ёки қизи турмуш қурмай ўтиб кетадигандай шошилишади. Оила қурмасдан олдин совуқлик тушсин, тўйдан кейин фарзандли бўлгандан кўра! Ўзаро кўникма ҳосил бўлиши учун ҳеч бўлмаса олти ой керак. Шу вақт ичида тушунмовчилик келиб чиқдими, демак, оила мустаҳкамлиги йўқ дегани.
Ажримларнинг олдини олиш учун, менимча, таҳлил ва вақт талаб қилинади – тўй ҳақида олти ойдан сўнг ўйлаш керак! Статистика бўйича қанча узоқ муносабат боғлаганлар бўлса, ана шулар биргаликда узоқ яшар экан.
Дардга кўникавер дегани енгилгин, дегани эмас. Аввал дардга рози бўл, шукр қил! Бор-йўғи шу дард экан-ку, янада оғир бўлиши мумкин эди, деб рози бўл, сўнг ният қилиб олдинга интил, шундагина натижага эришасан! Эътибор беринг: замондан кутмаслик, яъни ҳаракат қилиш керак!
Айрим оналар боласининг тарафини олиб, қўшнилар билан жанжаллашади. Уларнинг фарзанди шу қадар эрка бўлиб ўсадики, катталар дакки беришга чўчийдилар. Дарҳол онасига чақиб беради, кейин дод-войни кўринг! Бундайларнинг онасига маҳалла оқсоқоли дашном бериб, тушунтириб кўради, афсуски, фойдаси бўлмайди. Қандай чора кўриш мумкин?
Ҳа, жамиятимизда шундай аёллар ҳам учраб туради. Улар психологияда манипуляция қиладиган инсонлар деб аталади. Бундайлар бошқаларнинг асабига тегиб, қувват олади, айниқса кўнгли бўш одамлар мазкур тоифанинг характери кучайишига ёрдам беради. Жанжалкаш одам кўнгилчан инсонларнинг қўрқувидан фойдаланади. Бундайларга нисбатан кўпчиликнинг фикрини инобатга олган ҳолда кўрсатаётган зиёни эвазига чора кўриш керак!
Куч – бирликда, дейдилар. Маҳалла оқсоқоли ва посбонлари ҳамкорликда иш кўришларига тўғри келади. Чора кўрмасдан фақат огоҳлантириш бериш билан натижага эришиб бўлмайди, амалда кўрилган чора бошқалар учун ҳам сабоқдир! Ички қўрқувни енгиш лозим. Кўпчилик билан маслаҳатлашган ҳолда чора кўриш маҳалла осойишталигини таъминлашга ёрдам беради.
Бугун айрим йигитларнинг хурмача қилиқлари ҳайратга солади. Қандайдир қизмижозми-ей! Масалан, футбол ўйнашдан кўра соатлаб вайсақилик қилишни яхши кўришади. Дунёқарашлари ҳам аллатовур! Бой-бадавлат хонадонга ичкуёв бўлишни орзу қилишдан уялишмайди. Ҳеч бир истисносиз севган қизидан пул ёки бошқа моддий қийматлар сўрашади. Ор-номус, эркаклик ғурури йўқ! Бу ниманинг оқибати бўлиши мумкин?
Бу савол кўпчиликни қизиқтиради, айниқса аёлларни! Начора, ҳаётда ҳар хил инсонларни учратамиз.
Мен мижозларни тест синовидан ўтказганимда айрим аёлларда ўғил бола характери ёки аксинча, ўғил болаларда аёллар феъл-атвори борлигига амин бўлганман. Нега шундай?
Мазкур жараён онанинг ҳомиладорлик давридан бошланади. Агар ота-она ўғил фарзанди туғилишини кўпроқ хоҳласа-ю, қиз дунёга келса, гўдак ботиний онгида уларнинг хоҳишини амалга ошириш учун ўғил бола характери шаклланади. Ёки, аксинча, йигитларда қиз бола феъли шаклланади ва кўпинча ота-она уни ўзлари кутган фарзандидек қабул қилмай, ёшлигидан кийинишини ҳам шунга яраша олиб боради.
Бир танишим қизини кичкиналигидан ўғил болаларга хос кийинтирди, каратэ тўгарагига берди, дадаси машинасида олиб юрди ва эрта ёшидан автомобиль ҳайдашни ўргатди. Қиз 15-16 ёшга етганида ота-онаси хатоларини тушунишди ва ундан қизлар кийимида юришини талаб қилишди. Оқибатда... қиз оғир касал бўлиб қолди. Танишим мендан ёрдам сўради. Улар билан узоқ ишлашимга тўғри келди.
Бошқа оилада фақат ўғил болалар бўлган. Онаси уларни кичкиналигидан уй ишлари, овқат пишириш, кир ювиш, супур-сидир, тозалашга ўргатган. Болалари билан сирлашган ҳам. Бундай тарбия воситасида ўзи билмай ўғил болаларда хотин-қизларга хос характерни кўпроқ шакллантирган. Улар ойисига худди қизлар сингари меҳрибон, аммо эркак сифатида ўз ўрнини топишга қийналишди.
Йигитларимиз тарбияси, асосан, аёллар қўлида қолиб кетяпти. Аксарият аёллар болаларининг айбини отасидан беркитишини эса алоҳида таъкидлашим керак. Бу ҳам фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Ўғил болалар меҳр ва ғамхўрликни онадан олса, ҳақиқий эркаклик ғурурини ота беради. Мабодо отаси бўлмаса атрофдаги яқинлари – тоға, амаки ёки спорт мураббийлари уларни мард, жўшқин ва ўзига ишончини мустаҳкам қилиб тарбиялайди. Шундай экан, оилада ўғил болалар тарбиясига алоҳида эътибор қаратинг.
Муҳтарама оналар, ўғлингизни яхши кўринг, парвариш қилинг, аммо тарбиясини эркак кишига ишониб топширинг!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter