Британия Украинага қўшимча Storm Shadow ракеталарини етказиб бермоқчи
Буюк Британия қиш бошлангунига қадар Украинага узоқ масофага мўлжалланган Storm Shadow қанотли ракеталарининг қўшимча партиясини етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg вазиятдан хабардор манбаларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, қурол етказиб бериш масаласи 14 октябр куни Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Лондонга ташрифи чоғида Британия бош вазири Энди Бёрнэм билан бўлиб ўтган музокараларда муҳокама қилинган.
Бироқ Лондон ҳозирча янги ракеталар етказиб берилиши ҳақида расмий баёнот бермаган. Британия ҳукумати Bloomberg сўровига изоҳ беришдан бош тортган.
Storm Shadow – MBDA компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган, ҳаводан учириладиган юқори аниқликдаги қанотли ракета. Унинг учиш масофаси 250 километрдан ошади. Ракета паст баландликда ҳаракатланиши сабабли уни ҳаво мудофааси тизимлари орқали тўхтатиш мураккаб ҳисобланади.
Аввалроқ The Telegraph нашри Британия Украинага Storm Shadow ракеталарининг айрим қисмларини мустақил ишлаб чиқариш имконини берувчи махфий техник чизмаларни тақдим этгани ҳақида хабар берган эди.
Bloomberg'нинг ёзишича, янги етказиб бериш режаси АҚШ ва Украина ўртасидаги муносабатлар кескинлашган бир пайтга тўғри келмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter