Брюс Ли билан жанг қилган улкан рақиб
Бири – жанг санъати афсонаси Брюс Ли, иккинчиси – баскетбол тарихидаги энг буюк марказий ўйинчилардан бири. Уларнинг учрашуви кино тарихида ўчмас из қолдирди. Қизиғи шундаки, Брюс Ли билан экранда юзма-юз келган улкан қоматли рақиб оддий актёр эмас, балки бутун дунёнинг баскетбол майдонларини забт этган Карим Абдул Жаббор эди. Унинг бўйи 2 метр 18 сантиметр! Аммо ҳаёти фақат спортдаги ғалабалардан иборат эмас. У ирқий камситишларга қарши курашди, ўз эътиқоди йўлида муҳим қарорлар қабул қилди, оғир касалликларни бошдан кечирди ва китоблари билан ҳам миллионлаб одамларнинг эътиборини қозонди…
Дўстлик қандай бошланган?
Карим Абдул Жаббор 1947 йил 16 апрелда Нью-Йоркда Фердинанд Льюис Алсиндор кичик номи билан дунёга келган. Болалигидан бўйи тенгдошлариникидан анча баланд бўлгани сабабли у бошқалардан ажралиб турарди. Кейинчалик айнан шу хусусият уни баскетболдаги энг қўрқинчли рақиблардан бирига айлантирди.
Аммо Карим Абдул Жабборнинг Брюс Ли билан муносабати оддий кино танишувидан анча олдин бошланган. Улар 1967 йилда танишишган. Карим жанг санъатига қизиққан, Брюс Лидан машғулотлар олган ва унинг фалсафасига ҳурмат билан қараган. Бўйи ва вазни жиҳатидан улкан баскетболчи билан чаққон, ҳаракатлари чақмоқдек тез жангчининг дўстлиги иккисининг ҳам дунёқарашини бойитган.
«Ўлим ўйини»: экрандаги улкан рақиб
1972 йилда Брюс Ли ўзининг «Ўлим ўйини» («Game of Death») фильми учун Каримни таклиф қилди. Фильмда Карим Ҳоким исмли, жисмонан бақувват ва ўзига хос жанг услубига эга рақибни гавдалантирди. Томошабинлар хотирасида қолган саҳналардан бири – сариқ спорт либосидаги Брюс Ли билан улкан қоматли Каримнинг тўқнашувидир.
Бу жангнинг қизиқ томони шундаки, Карим профессионал кино жангчиси эмас, балки ҳақиқий спорт афсонаси эди. Унинг бўйи 2,18 метр бўлса, Брюс Ли ундан анча паст эди. Бироқ саҳнада гап фақат бўй ёки кучда эмасди: Брюс Ли рақибнинг кучли томонларини ҳисобга олиб, тезлик ва ҳаракатлар орқали устунликка эришиш ғоясини намоён этди.
Афсуски, Брюс Ли фильмни охиригача суратга олишга улгурмади. У 1973 йил 20 июлда, 32 ёшида вафот этди. «Ўлим ўйини» эса бошқа ижодкорлар томонидан қайта ишланиб, 1978 йилда экранга чиқарилди. Шу боис Карим иштирокидаги жанг нафақат кино саҳнаси, балки Брюс Лининг тугалланмай қолган ижодий режаларидан сақланиб қолган ноёб мерос ҳамдир.
Баскетбол майдонидаги енгилмас гигант
Каримнинг асосий шон-шуҳрати, албатта, баскетбол билан боғлиқ. У Калифорния университетининг Лос-Анжелесдаги кампусида – UCLAда таҳсил олди. Машҳур мураббий Жон Вуден қўл остида ўйнаб, жамоаси билан уч марта кетма-кет талабалар ўртасидаги миллий чемпионликни қўлга киритди.
1969 йилда у Милуоки «Бакс» клубига биринчи рақам билан танланди. Биринчи мавсумидаёқ энг яхши янги ўйинчи деб топилди. 1971 йилда эса жамоаси билан НБА чемпионлигини қўлга киритди. Кейин Лос-Анжелес «Лейкерс»га ўтиб, «Шоутайм» даврининг асосий юлдузларидан бирига айланди.
Каримнинг энг машҳур қуроли – «осмон илмоғи» («skyhook») деб аталган зарбаси эди. У бир қўлини юқори кўтариб, тўпни рақиб қўллари етмайдиган баландликдан саватга йўлларди. Бу зарбани тўсиш ниҳоятда қийин бўлгани учун рақиблар унга қарши курашишда кўпинча ожиз қолишарди.
Унинг рекордлари ҳам ҳайратланарли: НБАда олти марта чемпион бўлди. Мавсумнинг энг қимматли ўйинчиси (MVP) унвонини олти марта қўлга киритди.
19 марта юлдузлар ўйинида қатнашди. 1989 йилда фаолиятини якунлаганда НБА тарихида энг кўп – 38 387 очко тўплаган ўйинчи эди.
Нима учун исмини ўзгартирган?
Карим ҳаётидаги муҳим бурилишлардан бири эътиқод билан боғлиқ бўлди. Унинг туғилгандаги исми Фердинанд Льюис Алсиндор кичик эди. 1971 йилда ислом динини қабул қилиб, Карим Абдул-Жаббар исмини олди. Бу қарор шунчаки ном алмаштириш эмас, балки шахсий қарашлари ва ҳаёт йўлини ифодаловчи танлов эди.
У ирқий тенгсизликка қарши ҳам очиқ позицияда турди. 1968 йилги Олимпиадада АҚШ терма жамоаси сафида қатнашиш имконияти бўлса-да, мамлакатдаги ирқий адолатсизликка норозилик сифатида иштирок этишдан бош тортди. Ёш спортчи учун бундай қарор катта жасорат талаб қиларди: у медалдан ҳам муҳимроқ қадриятлар борлигини кўрсатмоқчи эди.
Спортдан ташқаридаги Карим
Карим Абдул-Жабборнинг яна бир қирраси – китобхонлиги ва ёзувчилик истеъдоди. У тарих, ирқий тенглик, жамият ва маданият мавзуларида китоблар ёзди. Шерлок Холмс ҳақида асарлар яратишда ҳам иштирок этди. Баскетбол майдонидаги афсона кейинчалик тарихчи ва жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатувчи муаллиф сифатида ҳам танилди. 2016 йилда у АҚШнинг энг юксак фуқаролик мукофотларидан бири – Президентнинг Озодлик медали билан тақдирланди.
Унинг шахсий ҳаёти ҳам катта оила билан боғлиқ. Каримнинг беш фарзанди бор: Ҳабиба, Карим кичик, Султана, Амир ва Одам. У фарзандларининг таълим олиши ва мустақил шахс бўлиб вояга етишига алоҳида аҳамият берган.
Энг оғир рақиб – касаллик
Каримнинг ҳаётидаги энг жиддий синовлар спорт майдонида эмас, саломатлиги билан боғлиқ бўлди. У сурункали миелоид лейкоз – қон ҳужайраларига таъсир қилувчи саратон тури билан курашди. Шунингдек, простата саратони ва бошқа соғлиқ муаммоларини ҳам бошдан кечиргани ҳақида очиқ гапирган. UCLA 2025 йилда унинг касалликларга қарши кураши ва тиббий тадқиқотлар ҳаётини сақлаб қолишдаги аҳамияти ҳақида ёзган.
У спортчи сифатида интизом, жисмоний тайёргарлик ва сабрнинг қадрини биларди. Аммо касаллик билан курашиш бошқа турдаги матонатни талаб қилди: узоқ даволаниш, шифокорларга ишониш ва ҳаётга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш. Карим бу синовлар ҳақида гапириб, соғлиққа эътибор бериш ва тиббий текширувларни кечиктирмаслик муҳимлигини таъкидлаб келади.
Карим Абдул-Жаббарни фақат 2 метр 18 сантиметрлик улкан баскетболчи ёки Брюс Ли билан жанг қилган актёр сифатида эслаш камлик қилади. У спортда рекордлар ўрнатди, эътиқодига содиқ қолди, камситишларга қарши турди, китоблар ёзди ва ҳаётидаги оғир синовларга қарши курашди.
Брюс Ли билан дўстлиги эса унинг ҳаётидаги ўзига хос боб бўлиб қолди. Икки буюк инсон турли соҳаларда машҳур бўлган бўлса-да, уларни интизом, ўз устида ишлаш ва жисмоний кучдан ташқари ички ирода ҳам муҳим эканини англаш бирлаштирган.
Брюс Ли экранда унинг рақиби эди. Баскетболда эса рақиблар Каримнинг ўзига қарши чора топишга қийналишарди. Аммо ҳаётдаги энг катта ғалабаси – машҳурликдан кейин ҳам ўрганиш, фикрлаш ва бошқалар учун курашишни давом эттирганидадир.
Акбар Фатҳуллаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter